Экспорт ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам
Юртимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш, уларни қийнаётган масалаларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва қонунчилик доирасида тезкор ҳал этиш борасида божхона органлари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов раҳбарлигида тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишга қаратилган навбатдаги сайёр учрашув ташкил этилди. Бу галги ўрганишлар тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Bukhara Natural Product” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди.
Мазкур корхона бугунги кунда ҳудуддаги экспортёр корхоналардан бири сифатида фаолият юритиб, пахта хомашёсини қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Хусусан, жамият томонидан 2025–2026 йиллар мобайнида қиймати қарийб 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 620 тонна пахтадан тайёрланган калава ип, турли хил газламалар ҳамда трикотаж матолари ишлаб чиқарилиб, Россия, Покистон, Арманистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Учрашув давомида корхона раҳбарияти томонидан “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан фойдаланиш истаги билдирилди. Мазкур мурожаат Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи томонидан шахсан жойига чиққан ҳолда атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати, замонавий технологик имкониятлари, экспорт ҳажми ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мазкур режимдан фойдаланиш орқали корхона фаолиятини янада кенгайтириш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Сайёр учрашув якунида тадбиркорнинг “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига оид мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Божхона органлари масъуллари томонидан ушбу режимнинг афзалликлари, қонунчиликда белгиланган тартиблар ва ишлаб чиқарувчилар учун яратилган енгилликлар юзасидан ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
Бу каби амалий учрашувлар тадбиркорлар билан давлат идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва миллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бундай ёндашув юртимизда экспортга йўналтирилган корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА