Муаммолар жойида ўз ечимини топмоқда
Сирдарё туманида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашув кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган муҳим амалий ташаббуслардан бири бўлди.
Тадбирда Агентлик директор ўринбосари Жаҳонгир Юнусов, бўлим бошлиғи Сарвар Равшанов, Агентликнинг Сирдарё вилояти лойиҳа офиси раҳбари Бекмурод Акбаров ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар, 14 та ҳудуддан биттадан туман тадбиркори онлайн тарзда ҳам мулоқотга уланди.

Жами 116 нафар тадбиркор иштирок этган ушбу очиқ мулоқотда давлат харидлари тизимидаги мавжуд муаммолар, саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги улушини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятида учраётган амалий тўсиқлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар томонидан давлат харидларида иштирок этиш жараёнларини соддалаштириш, тендер ва танловларда шаффофликни ошириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар учун кафолатланган бозор имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Мулоқот жараёнида келиб тушган мурожаатлар босқичма-босқич кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилди, қолган мурожаатлар эса мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиш ва ижро этиш учун назоратга олинди.
Таъкидланишича, бундай форматдаги очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ишлаш, уларнинг муаммоларини тезкор аниқлаш ва амалий ечим топиш имкониятини янада кенгайтирмоқда. Бу эса давлат харидлари тизимининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, ички бозорни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

– Бугунги очиқ мулоқотнинг энг муҳим жиҳати шундаки, биз тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри, воситачиларсиз мулоқот ўрнатдик. Бу мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш имконини беради. Айниқса, давлат харидлари тизимида шаффофликни таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш борасида билдирилган таклифлар муҳим аҳамият касб этади. Бундай учрашувлар ҳудудларда ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва бизнес муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади, – деди агентлик директорининг ўринбосари Жаҳонгир Юнусов.
Мутахассислар фикрича, мазкур каби очиқ мулоқотлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА