Экологик барқарорликни таъминлашга барчамиз масъулмиз
Сурхондарё вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва соҳада юз берган ўзгаришларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган тадбирда бошқарма бошлиғи Баҳодир Урунов мамлакатимизда экология барқарорлигини таъминлаб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва юртимизда яшил бойликларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашишга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича маълумот берди. Соҳада юз берган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида фикр алмашди.

Президентимизнинг 2025 йил 18 ноябрдаги “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ фармон билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси этиб қайта ташкил этилди.

Алоҳида юридик шахс бўлмаган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) иш бошлади. Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланиб, Экополиция бошлиғининг ўринбосарига бир вақтнинг ўзида Экология қўмитаси раиси ўринбосари мақоми берилди ва Экополициянинг тезкор штабига раҳбарлик қиладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ Экология қўмитаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланиши, ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга ошириши, фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланиши белгиланди. Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилди.

Президентимизнинг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026-2027 ўқув йилидан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори Шеробод туманидаги 3-техникуми негизида Сурхондарё вилояти “яшил” техникуми ташкил этиладиган бўлди. Бу таълим муассасасида ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиз ҳудудида ҳар йили 16 миллион тупдан дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Хусусан, шу йилнинг баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоятда қарийб олти ярим миллион туп дарахт ва бута кўчати экилди. Жумладан, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Ангор тумани М39 халқаро магистрал автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонида 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ер майдонига вилоятдаги олтита давлат ўрмон хўжалиги 270 минг туп дарахт кўчати экиб, “яшил белбоғ” барпо этди. Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Термиз туманидаги “Каттақум” даҳасидаги 82 гектар майдонга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари 218 минг туп дарахт кўчати экиб, “яшил белбоғ” яратди. Янгиобод маҳалласи ҳудудидан 31 гектар ер майдонида 12 минг 700 туп элдор қарағай кўчати қадалди.
Бу лойиҳалар “яшил белбоғ” вазифасини бажариб, ҳудудларни кучли шамол таъсирида чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шеробод туманидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган майдондан жами 99,6 гектар ер ажратилиб, ботаника ва дендрология боғи барпо этилмоқда.
[2026-05-19 10:49] Нилуфар Бозорова: – Мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш умуммиллий ҳаракатга айланди, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Б.Ўрунов. – Бироқ, бу масалага баъзан барча ҳам бирдек ёндашмаётгани кузатилмоқда. Мисол учун, воҳада “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларнинг кўкарувчанлиги, суғориш ҳамда парвариш ишлари назорат қилиниб, парваришлашга масъул шахсларнинг эътиборсизлиги сабабли қуриб қолганлари ўрганилмоқда, тегишли чора кўрилмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида экилган кўчатларнинг нобуд бўлишига йўл қўйган 15 нафар мансабдор шахсга 62 миллион 600 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилгани бунга яққол далилдир. Эндиликда вилоятда “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг юридик шахс мақомига эга бўлган ҳудудий бошқармаси иш бошламоқда. Бошқарма тасарруфига воҳадаги “яшил боғлар”, “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”, давлат бюджети ва унга тенглаштирилган манбалар ҳисобидан ташкил этилган ҳамда парваришига масъул ташкилотлар етарлича эътибор бермаётган, маҳаллий ҳокимликларнинг захира ер участкаларида жойлашган “яшил боғлар” ўтказиб берилади.
Анжуманда экологик назорат инспекцияси амалга оширган ишлар, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам тегишли маълумот берилди. Шеробод туманидаги 3-техникум негизида ташкил этилаётган Сурхондарё вилояти “яшил” техникуми тақдимот қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири