Қорақалпоғистонга 54 та замонавий электробус олиб келинади
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Хитой Халқ Республикасида амалий сафарда бўлиб турибди.
Жўқорғи Кенгес ахборот хизматининг маълум қилишича, сафар доирасида делегация жамоат транспортларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик Sichuan Zhongzhi Shenghe Performance Co., Ltd. компаниясига ташриф буюрди. Компания раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси учун Хитойдан 54 та электробус ва улар учун қувватлаш ускуналарини етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, экологик тоза транспорт воситаларини жорий этиш ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Томонлар ўртасида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 54 та электробус ва қувватлаш ускуналарини жорий йил 1 августга қадар Қорақалпоғистон Республикасига етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.