ANORA платформаси доирасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамкорлигида ANORA (Agrifood Investment Opportunities for Resilient Agriculture) платформасини амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган онлайн ҳамкорлар учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад платформани амалий фаолиятга татбиқ этиш, шунингдек, давлат идоралари, халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Н.Қўшназаров ҳамда Лойиҳа офиси вакиллари Ўзбекистонда аграр озиқ-овқат тизимини трансформация қилишнинг устувор йўналишлари ва соҳадаги инвестиция эҳтиёжлари юзасидан тақдимот ўтказди. Шунингдек, ЕТТБ ва ФАО Инвестициялар маркази мутахассислари ANORA платформасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, уни амалга ошириш механизмлари ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Муҳокамалар давомида ANORA платформаси доирасида инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш, молиявий ва техник кўмакни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашган барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, платформани амалга оширишнинг кейинги босқичлари, устувор йўналишлари ва ҳамкорлик механизмлари бўйича келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА