Эҳтиёт бўлинг — сиздан “уриб” қолишмаяптими?
Рақамлашган жамиятда чек талаб қилиш маданияти, ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш муҳим.
Бугунги кунда ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларида рақамлаштириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу нафақат ресурсларни тежаш, балки қўшимча моддий фойда олиш имкониятларини ҳам яратиб бермоқда. Аммо шиддат билан ривожланаётган замонда айрим “уддабурон” шахслар ноқонуний йўллар орқали даромад топиш йўлига ўтгани, афсуски, айрим фуқароларимизнинг бу борада ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги туфайли уларнинг қилмиши жавобсиз қолмоқда.
Шундай ҳуқуқбузарликлардан бири — харидорларга чек тақдим этмасдан савдо қилиш ҳолатидир. Бу ҳолатда кўпинча сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи шахс тўловнинг бир қисмини ўз ҳисобига қайтариб олиш мақсадида чекни бермайди, харидор эса ўз ҳуқуқларини талаб қилмасдан, бу амалиётга кўз юмади.
Қуйида солиқ иловаси орқали тўловларнинг бир қисмини қайтариб олиш тизими қандай ишлаши, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда чек берилмаган тақдирда фуқаролар қандай чора кўриши лозимлиги ҳақида сўз юритамиз.
Маълумки, давлат хизматларини онлайн кўрсатиш амалиёти қоғозбозлик ва ортиқча расмиятчиликни кескин камайтирди. Солиқ соҳасида рақамлаштириш ишлари 2015 йилда бошланган бўлиб, жисмоний шахслар томонидан чекларни солиқ иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш ва тўловларнинг бир қисмини қайтариб бериш тизими 2022-йилда йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 13-июндаги 255-сон қарорига кўра, чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида нақд ёки банк карталари орқали амалга оширилган харидлар қийматининг бир қисми фуқароларнинг банк карталарига миллий валютада қайтариб берилади. Бу тизим фақат жисмоний шахсларга тааллуқлидир.

Жараён қуйидагича амалга оширилади:
1. Солиқ иловасида шахс идентификациядан ўтади ва маълумотларини киритади;
2. Харидор чекдаги QR-кодни сканерлайди ёки фискал белгисини қўлда киритади;
3. Солиқ органлари ва банк тизими орқали тўловнинг бир қисми қайтарилади.

Шу билан бирга, қуйидаги чеклар рўйхатдан ўтказилмайди:
• 10 календар кундан ошган чеклар;
• Олдин рўйхатдан ўтган ёки пули қайтарилган чеклар;
• Авиа, авто ва темир йўл чипталари ҳамда коммунал хизматлар учун чеклар;
• “Шубҳали харидорлар” реестрига киритилган шахсларнинг чектари;
• Ўзини ўзи банд қилган шахслардан харид қилинган товарлар чектари.
Қарорга мувофиқ, ҳар ойнинг 25-санасига қадар Давлат солиқ қўмитаси тўпланган маълумотларни Молия вазирлигига тақдим этади. Кейинчалик, вазирлик бир иш куни ичида тўловларни ваколатли банк орқали фуқароларнинг карталарига ўтказади.
Қайтариб берилган маблағ фуқаронинг умумий даромадига қўшилмайди.
Тўловларнинг бир қисмини қайтаришнинг ойлик максимал чегараси белгиланган: базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача бўлган харидлардан 1 фоизи қайтарилади. 2025 йил 10 октябр ҳолатига кўра, бу миқдор ойига 247 200 сўмдан ошмаслиги керак.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун “шубҳали шахслар реестри” юритилади. Агар шахс бошқа фуқароларнинг чекларини уларнинг рухсатисиз рўйхатдан ўтказгани аниқланса, у мазкур реестрга киритилади ва 12 ой мобайнида қайтариш тизимидан фойдалана олмайди.
Агар фуқаро чек берилмаган ёки унинг ҳуқуқи бузилган ҳолатга дуч келса, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, бундай ҳолатни суд орқали ҳам кўриб чиқиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига кўра, назорат-касса техникасидан фойдаланиш тартибини бузиш 5 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача жаримага тортилади.
Чек олиш ва уни солиқ иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш — оддий кўринадиган, аммо фуқаролик жамиятининг муҳим белгисидир. Бу нафақат шахсий манфаат, балки жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланишига хизмат қилади.
Зеро, ҳар бир катта ўзгариш кичик қадамлардан бошланади. Демак, ҳар бир харидда чек талаб қилиш — фақат молиявий манфаат эмас, балки фуқаролик масъулиятимиз намоёнидир.
Тошкент давлат юридик университети
Озода Комиловна ЖAМИЛОВA