“E-auksion” платформаси: 9 ойда 116 мингдан зиёд объект савдога чиқарилди
Давлат активларини электрон савдолар орқали реализация қилиш жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш тобора кенгайиб боряпти. Бу жараёнда “E-auksion” платформаси асосида савдоларни ташкил этиш, объектлар ҳақида маълумот олиш ва харид жараёнида иштирок этиш учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлигида ўтказилган Жамоатчилик кенгаши йиғилишида электрон савдолар йўналишидаги натижалар ва платформани ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбирда агентликнинг 2026 йил 9 ойлик фаолияти, хусусийлаштиришнинг янги механизмлари ҳамда кенгашнинг келгуси вазифалари кўриб чиқилди.
Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштиришга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда Жамоатчилик кенгашининг аҳамиятини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2026 йил январь-сентябрь ойларида “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали 116 минг 784 та объект савдога чиқарилган. Шундан 52 минг 256 таси реализация қилинган. Электрон савдоларда иштирок этган фойдаланувчилар сони эса 3 миллион нафардан ошган.
Платформа имкониятларини кенгайтириш доирасида лотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, объектларни харита орқали кўриш, мавжуд таклифларни таққослаш ва ўхшаш лотларни излаш функциялари тақдим этилган.
Шунингдек, “E-auksion” платформасининг янгиланган веб-версияси ва мобил иловасини ишга тушириш режалари маълум қилинди.
Йиғилишда электрон савдолар билан бир қаторда давлат активларини хусусийлаштириш натижалари ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, 2026 йилнинг 9 ойида хусусийлаштириш ҳажми 26 триллион сўмни ташкил этган. Шу даврда умумий қиймати 53,2 триллион сўмлик активлар ва ер участкалари савдога чиқарилган.
Агентлик ахборот хизматига кўра, Жамоатчилик кенгаши аъзоларига Президентнинг 2026 йил 28 августдаги фармонида белгиланган янги механизмлар юзасидан ҳам маълумот берилди. Унда тадбиркорлар учун харид қийматининг 15 фоизи миқдорида аванс тўлаш, қолган суммани фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган. Белгиланган шартлар асосида 25 фоизгача чегирма олиш имконияти ҳам мавжуд.
Йиғилиш якунида Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА