Фарғона давлат университети: халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари сони ўн биттага етди. Бу жиҳатдан ҳам вилоят мамлакатнинг йирик илмий-таълим марказларидан бирига айланмоқда.
Тарихи бир асрга етаётган Фарғона давлат университети эса Осиё ва Европа мамлакатларининг 40 га яқин олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда илмий ва ўқув лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Унинг халқаро миқёсдаги тажрибаси катта. Шунинг учун ҳам Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари кенгашининг ИИИ йиғилиши доирасида — «Ўзбекистонда Сибир кунлари» тадбирлари ўтказилди. Унда юртимиздаги олий ўқув юртлари ва Россиянинг Сибир ҳудудларидаги 18 та олий таълим муассасаси ректор ва проректорлари иштирок этди.
Учрашувда университетларнинг мавжуд салоҳияти, халқаро ҳамкорлик йўналишлари ва имкониятлари тақдимот қилинди.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим платформага айланди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА