Дзюдо: Олипиада олдидан муҳим ғалаба
Венгриянинг Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича деярли бир ҳафта давом этган жаҳон чемпионати якунланди.
Эътиборли жиҳати, мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли дзюдочилари сафида мамлакатимиз спортчилари муносиб иштирок этишди.
-90 кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги ва Токио олимпиадаси рейтинг очколари учун майдонга чиққан ҳамюртимиз Давлат Бабанов саралаш баҳсларининг барчасини ғалаба билан якунлаб, дунё биринчилигининг кумуш медали ҳамда олимпия ўйинларининг 1400 очкосини қўлга киритди.
Маҳоратли спортчимиз олтин медаль учун ўтказилган ҳал қилувчи беллашувда келиб чиқиши грузиялик бўлган Испания терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпиони Николоз Шеразадишвилига қўшимча бўлимда очколар эвазига «йўл бериб», кумуш медалга сазовор бўлди.
Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзоларидан -52 кг вазнда Диёра Келдиёрова, -73 кг.да Ҳикматулло Тўраев ва Шарофиддин Болтабоевлар кучли бешликдан ўрин эгаллашди.
Мамлакатимиз дзюдочилари энди жамоавий баҳсларга киришишади. Қуръа натижаларига кўра, вакилларимиз илк босқичда Венгрия терма жамоасига қарши гиламга чиқишади.