“Дунё мамлакатлари” илм ва тафаккур чегараларини кенгайтирувчи қомусий манба
Қашқадарёда илм-маърифат ва мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган яна бир муҳим маънавий тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли журналист, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовнинг янги нашрдан чиққан “Дунё мамлакатлари” номли энциклопедик китоби тақдимоти Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳамда Қарши давлат техника университетида китобхонлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилди.
Бугунги глобаллашув даврда дунё давлатлари, халқларининг тарихи, сиёсий тизими ва тараққиёт йўллари ҳақидаги билимларни чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Айниқса, ёшларнинг халқаро жараёнларга кенгроқ нигоҳ билан қараши, таҳлилий фикрлаши ва дунёқарашини бойитишда қомусий асарларнинг ўрни беқиёс. Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби айнан шу жиҳатлари билан алоҳида эътибор қозонмоқда.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида ўтказилган тақдимотда вилоят ва туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида муаллифнинг илмий ва ижодий фаолияти, унинг журналистика, халқаро ахборот, илмий-тадқиқот ҳамда давлат бошқаруви соҳаларидаги самарали фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Лазиз Раҳматов 1981 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида таваллуд топган бўлиб, меҳнат фаолиятини кутубхонадан бошлаган. Кейинчалик у журналистика ва илм-фан йўналишларида изчил фаолият олиб бориб, ўзининг илмий ва публицистик ишлари билан кенг жамоатчилик эътиборини қозонган.
Тақдимотда сўз олганлар “Дунё мамлакатлари” оддий китоб эмаслигини, у кўп йиллик меҳнат ва изланишлар маҳсули эканини алоҳида таъкидлади. Қарийб 1200 саҳифадан иборат ушбу қомусий асарда дунё давлатларининг тарихи, географик жойлашуви, сиёсий тизими, аҳолиси, иқтисодий салоҳияти, маданияти, ташқи сиёсати ва бошқа кўплаб муҳим маълумотлар мужассам.
Асарнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ҳар бир давлатнинг Ўзбекистон билан алоқалари, ҳамкорлик йўналишлари, қизиқарли маълумотлар, давлат рамзлари, телефон кодлари, интернет доменлари каби амалий маълумотлар ҳам жамланган. Бу эса китобни нафақат илмий манба, балки кенг китобхонлар оммаси учун фойдали қўлланмага айлантиради.
Қарши давлат техника университетида бўлиб ўтган тақдимот эса самимий мулоқот ва фикр алмашувларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Комила Каромова, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, ёш ижодкорлар ва китобсеварлар иштирок этди.
Муаллиф китобнинг яратилиш жараёни, маълумотларни йиғиш ва тизимлаштиришдаги мураккаб, аммо масъулиятли меҳнат ҳақида сўзлаб берди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда талабалар турли мамлакатлар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар юзасидан саволлар бериб, муаллифдан батафсил жавоб олди.
Айниқса, китоб асосида ташкил этилган китобхонлик танлови ҳақидаги маълумотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир якунида фаол иштирокчиларга муаллиф томонидан имзоли китоблар топширилди.
[gallery-29463]
Бугун ёшларни мутолаага ошно этиш, уларни кенг тафаккурли ва замонавий билимларга эга шахс сифатида вояга етказишда ана шундай учрашув ва тақдимотларнинг ўрни муҳим. Зеро, китоб – инсонни дунё билан боғлайдиган энг ишончли кўприклардан биридир. “Дунё мамлакатлари” эса ана шундай маърифий кўприклардан бири сифатида китобхонларни янги билимлар сари етаклаши билан аҳамиятли.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА