Дубайнинг машҳур “Burj Al Arab” меҳмонхонаси вақтинча ёпилади
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги ҳашаматли “Burj Al Arab” меҳмонхонаси кенг кўламли қайта тиклаш ишлари сабабли 1,5 йилга ўз фаолиятини тўхтатади.
Таъкидланишича, лойиҳа меҳмонхона интерьерида кенг қамровли янгилаш ишларини ўз ичига олади, бироқ унинг оригинал дизайни ва меъморий услуби сақлаб қолинади. “Gulf News” нашри ёзишича, меҳмонхона реставрация даврида ёпиқ бўлади.
Лойиҳа Тристан Ауер бошчилигида амалга оширилади. У франциялик таниқли интерьер архитектори бўлиб, тарихий биноларни қайта тиклаш соҳасида катта тажрибага эга.
27 йил аввал очилган “Burj Al Arab” Дубайнинг энг машҳур ва нуфузли меҳмонхоналаридан бири ҳисобланади. Сунъий оролда жойлашган, елкансимон шаклга эга ушбу иншоот аллақачон шаҳар кўркига айланган.
Хабарга кўра, қайта таъмирлаш ишлари асосан интерьерни янгилашга қаратилган бўлиб, меҳмонхонанинг мавжуд услуби ва ўзига хослиги сақлаб қолинади. Меҳмонхона раҳбарияти бу жараённи гўё санъат асарини қайта тиклашга қиёслаб, тарихий элементларга алоҳида эътибор қаратилишини билдирган.
Ў.Алимов, ЎзА