Аҳолиси энг хушмуомала давлатлар ўнлиги аниқланди
Глобал тадқиқот натижаси халқаро муносабатлар ва туризм ривожига сезиларли таъсир этувчи энг хушмуомала халқлар рейтингини эълон қилди. "Топ-10" рўйхатини қайси давлатлар ташкил қилди?
Жаҳон миқёсида ўтказилган йирик тадқиқот натижасига кўра, турли халқларнинг хушмуомалалик даражаси ва меҳмондўстлик анъаналари ўзига хос рейтингда акс этди. “Naked Science” таъкидлашича, бу кўрсаткичлар нафақат хорижий сайёҳлар таассуроти, балки халқаро бизнес алоқаларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Демак, дунёнинг энг сермулозамат 10 мамлакати билан танишишингиз мумкин:
10-ўрин: Жанубий Африка Республикаси – 1,8 фоиз. Африка қитъасидан “Топ-25” таркибига кирган ягона вакил дунёда ўнинчи поғонани эгаллади.
9-ўрин: Финландия – 1,9 фоиз. Скандинавия давлатлари орасида босиқлиги, ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот маданияти билан ажралиб туради.
8-ўрин: Дания – 2,1 фоиз. Шимолий Европанинг навбатдаги вакили ижтимоий уйғунлик ва хушмуомалалик борасида юқори баҳога лойиқ.
7-ўрин: Швеция – 2,3 фоиз. Яна Скандинавия. Шведлар кўҳна қитъанинг одоб-ахлоқ борасидаги нуфузини мустаҳкамламоқда.
6-ўрин: Германия – 2,8 фоиз. Тартиб-интизом, аниқлик билан бирга, немислар муомала маданиятида ҳам бошқаларга ўрнак.
4-5-ўринни Европанинг қатор мамлакатлари бўлишиб олган. Умуман, “Топ-25” рўйхатининг ярмидан кўпи айнан шу қитъага тегишли.
3-ўрин: Буюк Британия – 6,2 фоиз. Европада энг юқори натижага эга инглизлар хушмуомалалиги ҳам ҳақли равишда эътироф этилган.
2-ўрин: Канада 13,4 фоиз кўрсаткич билан Шимолий Американинг энг меҳмондўст ўлкаси сифатида тан олинди. Қизиғи шундаки, АҚШ атиги 1,6 фоиз овоз билан шимолий қўшнисидан қарийб ўн баробар ортда қолди.
1-ўрин: Шубҳасиз Япония – 35,2 фоиз. Мутлақ ғолиб – ер юзидаги энг хушмуомала мамлакат мақомини оқлаб келаётган кун чиқар юрт вакиллари. Асл ҳурмат рамзи ҳисобланган таъзим, жамоат жойидаги сокинлик ва ижтимоий одоб-ахлоқ меъёри японларга асосий рақибдан уч карра кўп овоз олиб берди.
Хулоса: хушмуомалалик рейтингида Европа давлатлари сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этса-да, Осиё вакили – Япония тозалик, вақтга риоя қилиш ва атрофдагиларга чуқур ҳурмат кўрсатиш алоҳида эътироф этилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА