“ДХХ кубоги”: ғолиблар тақдирланди
Давлатобод туманидаги “Навбаҳор” захира ўйингоҳида “Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги” нинг футбол бўйича мусобақасининг Наманган вилояти босқичи ниҳоясига етди.
Иккинчи бор ўтказилаётган мазкур оммавий мусобақанинг ҳудудий босқичларида Наманган вилоятининг 780 дан зиёд маҳалласидан 24 мингга яқин ёшлар иштирок этди. Ёшлар учун чинакам спорт анжуманига айланган “Миллионлар ўйини”нинг финал учрашувига етиб келган Давлатобод тумани “Тўқувчи” МФЙ ва Янгиқўрғон тумани “Юқори Навкент” МФЙ жамоалари майдонда саф тортди.

Муросасиз кечган ўйиннинг асосий ва қўшимча дақиқаларида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолинди. Ғолиб “пенальтилар серияси”да аниқланди. Янгиқўрғонлик футболчилар бош соврин ҳамда “ДХХ кубоги”нинг Республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Учинчи ўрин эгасини аниқлаб берадиган баҳсда эса Уйчи туманининг “Оқтош” МФЙ жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этган Поп туманининг “Марғизор” МФЙ жамоаси совриндорлар сафидан жой олди.

Мини-футбол бўйича ўтказилган турнир ҳам мухлисларни ўзига бирдек ром этди. Финал учрашувида Наманган шаҳри шарафини ҳимоя қилган “Дамбоғ” МФЙ жамоаси Косонсой туманининг “Боғишамол” МФЙ жамоасига қарши тўп сурди. Маҳорат бобида рақибларидан ҳар томонлама устунликка эришган дамбоғликлар 5:1 ҳисобида зафар қучиб, вилоят босқичи чемпиони сифатида эътироф этилди. Улар эндиликда “ДХХ кубоги – 2023” ўйинларининг Республика босқичига боради.

Учинчи ўрин учун кечган беллашувда Уйчи туманининг “Янги чек” маҳалласи ёшларини 1:0 эвазига ютган Тўрақўрғон туманининг “Паст Найманча” МФЙ жамоаси ҳам ғолиблик шоҳсупасидан ўрин эгаллади. Бу йилдан старт берилган хотин-қизлардан иборат жамоалар ўртасидаги мусобақанинг финал босқичида Учқўрғон ва Наманган шаҳри ёшларидан устун келган Уйчи туманининг “Баланд ариқ” МФЙ жамоаси кубокка эга чиқди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Алишер Эркаев “ДХХ кубоги” ғолиб ва совриндорларга махсус кубок ҳамда медалларни топширди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА