Дефолиация – сифатли ҳосил гарови
Пахтани етиштиришдан тортиб, пишиб етилган ҳосилни нобуд қилмасдан териб олишгача бўлган ҳар бир жараён юқори масъулият ва агротехник талабларга қатъий риоя қилишни тақозо этади. Айниқса, пахта ҳосилини сифатли ва қисқа муддатларда йиғиб олишда дефолиациянинг ўрни беқиёс.
Шу маънода, дефолиацияни ўз вақтида ва тўғри ўтказиш нафақат пахта теримини енгиллаштириш, балки ҳосилнинг сифати ва иқтисодий қийматини сақлаб қолишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Дефолиация пахта ўсимлиги баргларини сунъий равишда тўкиш орқали кўсакларнинг очилишини тезлаштириш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш учун қулай шароит яратишга қаратилган муҳим агротехник тадбирдир.
Бироқ бу жараёнда “кўпроқ препарат – яхшироқ натижа” деган нотўғри тушунчага йўл қўйиб бўлмайди. Дефолиантларни меъёридан ортиқ қўллаш ўсимликнинг физиологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, атроф-муҳитга зарар етказиши ва энг муҳими, олинаётган пахта толаси сифати пасайишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.
Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳам пахта далаларида дефолиация тадбирларини белгиланган талаблар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими инспекторлари томонидан фермер хўжаликлари ва масъулларга зарур тушунтиришлар берилиб, амалий тавсиялар тақдим этилмоқда.
– Дефолиацияда энг муҳими ишни шунчаки тез бажариш эмас, балки уни белгиланган агротехник талаблар асосида сифатли ташкил этишдир. Дефолиант танлашда унинг давлат рўйхатидан ўтгани, қўллаш меъёри ва муддатига эътибор бериш керак. Препаратни меъёридан ортиқ ишлатиш яхши натижа бермайди, аксинча, ўсимликка ва ҳосил сифатига салбий таъсир қилиши мумкин, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Вобкент туман бўлими инспектори Нусрат Истамов.

– Дефолиация ишларини амалга оширишда препарат йўриқномасида кўрсатилган талабларга амал қилиш – асосий шартлардан бири. Айниқса, ишлов бериш муддатини тўғри белгилаш ва белгиланган меъёрдан четга чиқмаслик лозим. Бу, бир томондан, ўсимликни асрашга хизмат қилса, иккинчи томондан, сифатли пахта ҳосилини сақлаб қолиш имконини беради. Шу боис фермер ва кластер вакилларига ҳар бир ишловни масъулият билан ташкил этиш бўйича мунтазам тушунтиришлар берилмоқда, – дейди инспектор Шомурод Исломов.
Бугун пахтачиликда ҳар бир қарич ер, ҳар бир туп ғўза ва ҳар бир килограмм ҳосилнинг иқтисодий аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу боис дефолиация каби агротехник тадбирларга ҳам оддий жараён сифатида эмас, балки сифатли ва рақобатбардош маҳсулот етиштиришнинг муҳим босқичи сифатида қараш зарур.
Вобкент туманида пахта далаларида дефолиация ишларининг белгиланган меъёр ва талаблар асосида ташкил этилаётгани ҳам ана шу эзгу мақсад – сифатли ҳосил, самарали меҳнат ва деҳқон манфаатини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири