Давлат бетараф кузатувчи эмас, боланинг ёнида турувчи ҳимоячидир
Қонун шарҳи
Ҳар қандай давлатнинг ҳақиқий қудрати унинг қурол-яроғи, иқтисодий кўрсаткичлари ёки ҳудудининг кенглиги билан ўлчанмайди. Давлатнинг тарихий ва маънавий салмоғи, аввало, унинг энг ожиз, ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир бўлмаган фуқаролари, болаларга бўлган муносабатида намоён бўлади.
Ўзбекистонда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши айнан ана шу ҳақиқатнинг ҳуқуқий ва сиёсий ифодасидир.
Бу қонун шунчаки оддий норматив ўзгариш эмас. У жамиятга аниқ ва муросасиз сиёсий сигнал беради, болага қўл кўтариш, унинг шаъни ва қадр-қимматини топташ ҳеч қандай “тарбия”, “оилавий иш”, “ички масала” ёки “уят бўлади” қабилидаги баҳоналар билан оқланмайди. Давлат бу масалада бетараф кузатувчи эмас, балки боланинг ёнида турувчи мустаҳкам ҳимоячидир.
Янги қонуннинг энг адолатли ва қатъий жиҳати, 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан зўравонлик содир этганлик учун узоқ муддатли ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосининг белгиланганидир. Болаликни ўғирлаган шахс жамият олдида ҳеч қандай юмшатувчи муносабатга лойиқ эмас ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Кўпинча зўравонликдан жабрланган бола ўз бошидан кечирганини йиллар ўтиб, фақат вояга етганда англаб, тилга чиқара олади. Энди жиноятчи учун “вақт ўтиб, унутилиб кетади”, деган умид бутунлай йўққа чиқарилди. Бундай жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани асосида жазодан озод қилиш тартиби бекор қилинди. Машҳур ҳуқуқшунос олим Чезаре Беккариа таъкидлаганидек, жиноятларнинг олдини олишда жазонинг оғирлиги эмас, балки унинг муқаррарлиги самаралироқ таъсир кўрсатади. Янги қонун айнан мана шу муқаррарликни кафолатлайди.
Қонуннинг инсонпарварлик моҳияти фақат жазолашда эмас. Унинг энг муҳим ютуғи– жабрланган болани тергов ва суд жараёнида иккинчи марта жароҳатламасликка қаратилган кафолатлардир. Халқаро амалиётда бу “иккиламчи виктимизация”нинг олдини олиш деб аталади.
Эндиликда жабрланган болани сўроқ қилиш жараёнининг видеоёзувга олиниши унинг ўз фожиасини турли идораларда қайта-қайта сўзлаб беришига чек қўяди. Бола ва гумон қилинувчи ўртасидаги юзлаштирувнинг махсус тартибда ўтказилиши эса уни зўравон билан юзма-юз келишдек оғир руҳий синовдан асрайди. Жиноят боланинг яқинлари томонидан содир этилган ҳолатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштироки оила ичида бола манфаатларининг қурбон қилинишига йўл қўймайди.
Зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатилиши ҳуқуқий тенгликнинг амалий ифодасидир. Чунки адолатга эришиш имконияти бола оиласининг молиявий шароитига боғлиқ бўлмаслиги шарт. Бу “бола манфаатлари устуворлиги” тамойилининг қуруқ декларациядан ҳаётга кўчишидир.
Мазкур ислоҳот тасодифий ёки кампаниябозлик характеридаги қадам эмас. У сўнгги йилларда изчил шакллантирилаётган яхлит давлат сиёсатининг узвий давомидир. 2024 йилда қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун зўравонликнинг жисмоний, руҳий ва жинсий шакллари қаторига қаровсиз қолдириш, эксплуатация ҳамда буллингни қўшиб, ҳимоя ордери институтини жорий этган эди. Кейинчалик 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди, профессионал тутинган оилалар хизмати йўлга қўйилди.
Янги қонун эса ушбу тизимнинг жиноий-ҳуқуқий ва процессуал “қалқони”ни мустаҳкамлайди. Профилактика, жавобгарлик ва реабилитация уйғунлашган комплекс моделнинг яратилиши замонавий жаҳон тажрибасида энг самарали деб тан олинган ёндашувдир.
Мазкур ҳужжат ички сиёсат доирасидан анча кенг аҳамиятга эга. Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиси сифатида ўз мажбуриятларини қоғоздаги декларациядан аниқ ҳуқуқий механизмларга кўчирмоқда. Мамлакатимизнинг Богота чақириғи ташаббусига қўшилиши ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Глобал альянсга аъзо бўлиши бу йўлдаги қатъий танловимизни халқаро ҳамжамиятга яққол намойиш этди. Бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилаётган давлат халқаро рейтинглар, инвестиция муҳити ва дипломатик мулоқотда ўзининг “юмшоқ куч” салоҳиятини изчил ошириб бораверади.
Баъзан болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ғоясини “ғарбона қараш” сифатида талқин қилишга уринишлар учрайди. Бу мутлақо асоссиздир. Халқимизнинг “Бола – уйнинг чироғи”, “Болали уй – бозор” каби азалий ҳикматлари, маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг тарбияни “ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласи” деб билгани буни яққол исботлайди. Жадид боболаримиз миллатнинг келажаги боланинг соғлом руҳи ва онгли тарбиясига боғлиқ эканини бир аср олдин теран англаган эдилар. Зўравонлик эса тарбия эмас, аксинча, у қўрқув, нафрат ва авлоддан-авлодга ўтувчи руҳий жароҳат уруғини экади.
Энг мукаммал қонун ҳам ижро механизми ва жамоатчилик онги билан қўллаб-қувватланмаса, ўз кучини тўлиқ намоён эта олмайди. Шу боис қонун қоғозда эмас, онгларда ишлаши керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг махсус тайёргарлиги, педагоглар, шифокорлар ва маҳалла фаолларининг зўравонлик белгиларини эрта аниқлаш кўникмаси ҳамда ҳар бир ота-онанинг юксак масъулияти, буларнинг барчаси ягона ҳимоя тизимининг узвий бўғинларидир.
Жамиятимизда ҳали ҳам “бировнинг оиласига аралашма”, “гап тарқалмасин” қабилидаги ёндашувлар учраб туради. Аммо болага нисбатан зўравонликни кўриб жим туриш – шунчаки бетарафлик эмас, балки ўша жиноятга шерик бўлишдир. Ҳар бир фуқаро тегишли ишонч телефонларига мурожаат қилиш, хабар бериш ва болани ҳимоя қилиш унинг нафақат фуқаролик, балки инсонийлик бурчи эканини англаши зарур.
Дарҳақиқат, ушбу янги қонун – Ўзбекистоннинг ўз келажаги олдидаги муқаддас ваъдасидир. У ҳар бир болага, “Сен ёлғиз эмассан, давлат ва жамият сенинг ёнингда!” деган қатъий ва аниқ кафолатни беради.
Маҳфуза ЙЎЛДОШЕВА,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти.
ЎзА