Жиззахда йирик агрологистика лойиҳаси намойиш этилди
Жиззах вилоятига ташриф буюрган 30 нафарга яқин хорижий дипломант ва халқаро ташкилот вакилларига “BMB-NRC Agrologistics” лойиҳасининг экспорт имкониятлари намойиш этилди.
2026 йилнинг 6 ноябрь куни Жиззах вилоятига 30 нафарга яқин хорижий дипломат ва халқаро ташкилот вакиллари ташриф буюрди. Улар ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини кўздан кечирди.
Тадбирда МДҲ, Хитой, Яқин Шарқ, Европа ва Америка давлатлари дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
“Ушбу мажмуа нафақат ҳудуд, балки мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда стратегик аҳамиятга эга. Биз халқаро стандартлар асосида маҳсулот етказиб беришнинг тўлиқ занжирини яратдик”, деди “BMB Holding” Тижорат ва маркетинг департаменти директори Мансур Мусаев.


Ташриф дастурида “BMB Holding” тасарруфидаги “BMB-NRC Agrologistics “ лойиҳаси алоҳида ўрин эгаллади. Меҳмонларга замонавий агрологистика инфратузилмаси ва ишлаб чиқариш жараёнлари тақдим этилди.
Лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш жараёнларини қамраб олади. Маҳсулотларни халқаро бозорларга тайёрлаш ва етказиб бериш имкониятлари ҳам намойиш қилинди.


Бу жараённинг аҳамияти шундаки, аграр соҳада экспортбоп маҳсулот етиштиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни сифатли сақлаш, халқаро талабларга мос тайёрлаш ва харидорга ўз вақтида етказиш ҳам зарур.
Шу боис замонавий агрологистика инфратузилмаси мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. “BMB-NRC Agrologistics” лойиҳаси ҳам қишлоқ хўжалиги имкониятларини ташқи бозорлар билан боғлашга қаратилган.
Дипломатик корпус вакилларининг ташрифи лойиҳани халқаро ҳамжамиятга танитиш учун муҳим имконият бўлди. Бундай мулоқотлар хорижий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга замин яратади.

Айни пайтда Ўзбекистонда инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини ошириш устувор иқтисодий вазифалардан ҳисобланади. Жиззахдаги мазкур ташаббус агросаноат тармоғида ушбу мақсадларга эришиш йўлидаги амалий лойиҳалардан биридир.
Зеро, ҳар бир истиқболли инвестиция ташаббусининг қиймати унинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси билан белгиланади. Шу жиҳатдан, лойиҳанинг халқаро майдонда тақдим этилиши янги ҳамкорлик алоқалари учун имконият яратади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири