Дауранбек Кдирбаев: Сувни тежашни миллий қадриятга айлантириш вақти келди
Муносабат
Бугун Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида ўз ишини бошлаган Минтақавий экологик саммит (RES–2026) Марказий Осиё минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган нуфузли халқаро платформа ҳисобланади. Саммит доирасида давлатлар, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ва экспертлар иштирокида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, амалий ташаббусларни илгари суриш ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинади.
Сув хўжалиги вазирлигининг Сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Дауранбек Кдирбаев мазкур саммит мазмун-моҳияти, айниқса, кун тартибида сув ресурсларини бошқариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– Минтақавий экологик саммитнинг ўтказилиши давлатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва унда таҳлил қилинадиган масалалар юзасидан биргаликда ҳаракат қилиш учун муҳим мулоқот майдони ҳисобланади. Хусусан, бунда трансчегаравий сув ҳамкорлигини ривожлантириш, сув тақчиллиги шароитида ресурслардан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, рақамли мониторинг ва ҳисобга олиш тизимларини кенгайтириш каби йўналишлар устувор аҳамият касб этади. Шунингдек, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш, сув-энергетика мувозанатини таъминлаш ҳамда иқлим ўзгаришининг сув ресурсларига таъсирини камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Бугун мамлакатимиз сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш масаласида минтақа давлатларига ўрнак бўлмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган майдонларнинг барчасида босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни жорий этиш асосий вазифа сифатида белгиланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага эътибор қаратиб, 2026 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, субсидиялар ажратилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Натижада фермер ва деҳқонларимиз ўртасида сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш йўллари тобора оммалашиб бормоқда. Бунга биргина мисол, 2019-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 664 минг гектарда томчилатиб, 124 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди. Бундан ташқари, 124 минг гектар майдонлар эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғорилди ҳамда 1,6 миллион гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текислангани фикримиз исботидир.
Жорий йилнинг 3 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳузурида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимот ўтказилди. Тақдимотда ишлар қамровини янада кенгайтириш бўйича янги таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 миллион гектарга - жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали тежалган сув ресурслари сув таъминоти оғир ҳудудда жойлашган фермерларга кафолатли етказиб берилишига замин яратади. Президентимиз таъкидлаганларидек, бу йўналишдаги ислоҳотлар янада изчил давом эттирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун янги тартиб ва имтиёзлар жорий этилмоқда. Унга кўра, 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Бунда 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш кўзда тутилган.
2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредит маблағлари ажратилади ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 миллиард сўм субсидия маблағлари йўналтирилади. Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида мутахассис кадрлар малакасини тизимли ошириш йўлга қўйилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби татбиқ этилади. Унга асосан 2027 йилдан бошлаб ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Шунингдек, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган майдонларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўлланилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида ушбу технологиялардан фойдаланмасдан анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг метр куб сув учун белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилади.
Соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш режалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, "Сувчилар мактаби" лойиҳаси доирасида жорий йилда 10 мингта фермер хўжалиги ходимларининг малакаси оширилади, 358 нафар сув хўжалиги ходими малака ошириш учун хорижга юборилади.
Қарорга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" миллий тадқиқот университети биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда мутахассислар малакасини тизимли ошириш чораларини кўради.
Мухтасар айтганда, республикамизда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги иқтисодий ислоҳотларни изчил чуқурлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиликда сувдан фақат ресурс сифатида эмас, балки уни асраш, тежаш ва ҳар томонлама самарали бошқариш устувор вазифага айланиши зарур. Бугун сувни тежаш маданиятини шакллантириш ва уни миллий қадрият даражасига олиб чиқиш вақти келганини таъкидлаш ўринли.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдулаева
ёзиб олди.