Дата-марказлар кўпайиши атом энергетикасига бўлган талабни оширмоқда – эксперт
Энергия истеъмолининг ортиши, сунъий интеллект ривожланиши ва дата-марказлар сони ортиши мамлакатларнинг атом энергетикасига бўлган қизиқишини кучайтирмоқда. Бу ҳақда “Ma'no” тадқиқот ташаббуслари маркази директори, иқтисодчи Бахтиёр Эргашев қуйидагича фикр билдирди:
–Таъкидлаш керакки, жаҳонда атом энергетикасига қизиқиш янги босқичга кўтарилмоқда. Бу жараён нафақат ривожланган давлатлар, балки саноатни модернизация қилаётган ва миллий саноат ривожланиши дастурларини амалга ошираётган мамлакатларга ҳам хос.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи электр энергиясига талабни оширмоқда. Бу эса барқарор электр энергияси ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжни кучайтирувчи муҳим омиллардан бирига айланяпти.
Бу технологияларнинг ўзи ҳам катта ҳажмда электр энергиясини талаб қилади. Турли баҳолашларга кўра, жаҳонда электр энергияси истеъмолининг қарийб 2 фоизи дата-марказлар, сунъий интеллектни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳалар, шунингдек, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари ҳиссасига тўғри келади. Бу энергияни кўп талаб қиладиган инфратузилма бўлиб, энергетика соҳаси электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари турини ва ҳажмини кенгайтириш орқали ушбу талабга жавоб бериши лозим.
“Data Center Map” маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 179 мамлакатда 11 449 та дата-марказ мавжуд. Ушбу статистикага кўра, Ўзбекистонда бундай объектлар ҳозирча 6 та. Бу рақамлар ортида нафақат рақамли инфратузилманинг ўсиши, балки энергетика соҳаси учун долзарб масала ҳам турибди. Дата-марказлар булутли хизматлар, маълумотларни сақлаш, молиявий операциялар, корпоратив тизимлар ва сунъий интеллект асосидаги ечимлар учун узлуксиз электр таъминотини талаб қилади.
Бундай шароитда атом электр станциялари булутли хизматлар, сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш учун барқарор энергия талаб қиладиган технологик компаниялар учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Атом электр станциясини нафақат аҳоли ва саноат учун энергия манбаи, балки унинг атрофида янги технологик истеъмолчиларни шакллантириш маркази сифатида кўриш модели ҳам истиқболлидир. Бунга мисол сифатида у Россияда АЭС яқинида жойлашган йирик маълумотларни қайта ишлаш маркази тажрибасини келтирди.
Бу борада Россиядаги Калинин АЭС тажрибаси эътиборга молик. Мен ушбу атом электр станциясида бўлганман ва АЭС яқинида Россиядаги энг йирик маълумотларни қайта ишлаш марказларидан бири (МҚМ) жойлашганини кўрганман. Бундай объектлар учун барқарор энергия таъминоти ва катта ҳажмда электр энергияси олиш имконияти ниҳоятда муҳим. Шу боис МҚМни АЭС яқинида жойлаштириш иқтисодий жиҳатдан самарали бизнес ечим ҳисобланади.
Шунингдек, АЭС атрофида узлуксиз ишлаш учун кафолатланган ҳажмда электр энергиясига эҳтиёж сезадиган йирик истеъмолчилар гуруҳини шакллантириш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Унинг фикрича, бу рақамли ривожланиш соҳасида фаолият юритаётган компаниялар учун айниқса муҳим.
Бундай ёндашув Ўзбекистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Атом энергетикасини ривожлантиришни режалаштиришда амалдаги иқтисодиёт эҳтиёжлари билан бирга рақамли инфратузилманинг келгусидаги талабларини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда АЭСнинг ташқи омилларга боғлиқ бўлмаган барқарор электр энергияси манбаи сифатидаги ўрни айниқса муҳим. Шу нуқтаи назардан, АЭС қурилиши босқичидаёқ унинг атрофида дата-марказлар, ва МҚМларни қандай шакллантириш мумкинлиги ҳақида ўйлаш зарур. Бу нафақат иқтисодий ривожланишни, балки янги турдаги иқтисодиёт - рақамли иқтисодиёт шаклланишини ҳам рағбатлантиради.
АЭСга атрофида илғор рақамли иқтисодиёт инфратузилмаси ва унинг таркибий элементлари шаклланадиган марказ сифатида ёндашиш атом энергетикасини ривожлантиришдаги энг истиқболли йўналишлардан биридир. Айниқса, бу Ўзбекистон учун долзарб.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.