Чўл ҳудудларида чорва озуқасига замин тайёрланмоқда
Ўзбекистонда 21 миллион гектардан ортиқ яйловнинг катта қисмидан самарасиз фойдаланилмоқда. Бу ҳолат озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид соларкан, Қашқадарёда замонавий ечимлар ишга солинмоқда.
Ўзбекистонда 21 миллион 255 минг гектар яйлов мавжуд бўлса-да, унинг атиги 40 фоизидан самарали фойдаланилмоқда. Президент ушбу катта имкониятни тўлиқ ишга солиш юртимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фавқулодда муҳим эканини таъкидлаган эди. Ҳокимлар олдига йил якунигача 620 минг гектар, келгуси йилда эса 3 миллион 700 минг гектар яйловни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини ошириш вазифаси қўйилди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида Қашқадарёнинг чўл ҳудудларида чорва озуқаси замонавий технологиялар ёрдамида етиштирилмоқда. Жумладан, Нишон туманидаги 30 гектар чўл майдонига қурғоқчиликка чидамли, озуқабоп рижик ва валда уруғлари дрон ёрдамида сепилди. Бу тажриба “Ўзагростар” холдинг таркибидаги “Қашқадарё – Агростар” корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. У Президентнинг яйловлар деградациясининг олдини олиш, сув таъминотини яхшилаш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган топшириқлари ижроси ҳисобланади. Асосий мақсад — сув тақчиллиги шароитида чорва учун озуқа етиштириш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш.

Нишон туманида 570 гектар чўл ҳудуди ўзлаштирилиб, Австриянинг “Бауер” компанияси ишлаб чиқарган 10 та замонавий пивот суғориш тизими ўрнатилди. Шу ерга Туркиянинг “Сунтер”, Италиянинг Емиллиано ва ГЕА, шунингдек, Ўзбекистоннинг “Димитра”, “Аридная” ва Тошкент-1 навли беда, “Кумушсимон прак”, “Дўстлик”, “Сардор” ва “Зарбдор” навли тритикале ўсимлиги ҳамда “Султон” навли арпа экилди.
Муборак туманида ҳам озуқабоп экинлар етиштириш ишлари фаол давом эттирилмоқда. 30 гектарга Тошкент-1 навли беда, 31 гектарга “Кумушсимон прак” навли тритикале, 12 гектарга эса Туркиянинг “Нехера” ва “Элеcтус” навли маккажўхориси такрорий экин сифатида экилди.

Умуман олганда, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида жами 1 минг 332 гектар яйловда пивот суғориш тизими жорий этилиб, маҳаллий шароитга мос янги озуқабоп ўсимликлар экиш мўлжалланмоқда. Бу тажрибани Муборак ва Деҳқонобод туманларида ҳам жорий этиш, шунингдек, бир йил ичида жами 9.4 минг гектар уруғчилик майдонини ташкил этиш режалаштирилган.

Бу тажриба сув тақчиллиги шароитида чорва учун озуқа базасини кенгайтириш, замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва уни бошқа ҳудудларга кенгайтиришга қаратилган устувор йўналиш ҳисобланади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА