Ўрта коридор: Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим транспорт бўғинига айлана оладими? (+видео)
Осиё ва Европа ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, яъни Ўрта коридорнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Бу йўналишнинг ривожланиши нафақат юк ташиш имкониятларини кенгайтириш, балки минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги бозорларга чиқиш учун ҳам муҳим.
Жаҳон банкининг 28 сентябрда эълон қилинган ҳисоботига кўра, зарур инфратузилма инвестициялари ва ислоҳотлар амалга оширилса, йўлак бўйлаб юк ташиш ҳажми уч баравардан кўпроқ ошиши, етказиб бериш вақти эса икки баравар қисқариши мумкин. Бу жараёнда коридордаги тўққизта мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 3,3 фоизга ўсиши, 2040 йилга бориб 2 миллионта қўшимча иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Бироқ бу салоҳиятни рўёбга чиқариш катта миқдордаги инвестициялар ва инфратузилмани комплекс ривожлантиришни талаб қилади. Ҳисоботга кўра, 2040 йилгача темир йўллар, портлар ва автомобиль йўлларини ривожлантиришга 25 миллиард доллардан ортиқ, логистика марказлари, ички терминаллар, ҳаракатланувчи таркиб ва рақамли тизимларга эса қарийб 30 миллиард доллар инвестиция зарур.
Ўзбекистон учун ҳам бу жараён муҳим иқтисодий имкониятларни очади. Жаҳон банки ҳисоботида Ўрта коридорни ривожлантириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 749 миллион долларга ўсишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилган. Бунинг учун янги темир йўл йўналишларини ривожлантириш, Тошкент, Самарқанд ва Навоийда қуруқ портлар қуриш ҳамда темир йўл ҳаракат таркибини янгилаш устувор вазифалар сифатида кўрсатилган.
Демак, Ўзбекистон учун масала фақат халқаро транспорт йўналишида иштирок этишдан иборат эмас. Муҳими, мамлакатнинг географик жойлашуви ва транзит салоҳиятини самарали логистика, тезкор ташувлар ва иқтисодий натижаларга айлантиришдир. Бу эса инфратузилмани ривожлантириш билан бирга, логистика марказларини ўзаро боғлаш, чегаралардан ўтиш жараёнларини соддалаштириш ва транспорт операцияларини самарали ташкил этишни ҳам тақозо қилади.
Айнан шу масалалар Тошкентда ўтказилган Транскаспий транспорт йўлаги бўйича иккинчи миллий конференцияда муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистоннинг халқаро транспорт тизимидаги иштирокини кенгайтириш, транзит салоҳиятини ошириш, логистика инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги инвестицияларни жалб қилишга доир вазифалар кўриб чиқилди. Шунингдек, амалий лойиҳаларни илгари суриш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш, божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва юк ташиш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда устувор транспорт лойиҳаларини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда.
– Ўрта коридорни Европа ва Осиёни 15 кун ичида боғлайдиган хавфсиз ва самарали транспорт йўлагига айлантириш йўлидаги навбатдаги амалий қадам сифатида устувор миллий лойиҳалар портфелини тайёрладик. Уларнинг марказида темир йўл инфратузилмаси, корпоратив ислоҳотлар ва тизимли модернизация турибди. Бу ишлар Ўзбекистоннинг транспорт салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Транскаспий коридорининг барқарор ишлаши учун темир йўл ва автомобиль йўлларини замонавий логистика марказлари билан ўзаро боғлаш муҳим. ЭСКАТОнинг халқаро аҳамиятга эга “қуруқ портлар” рўйхатига Ўзбекистондаги 27 та транспорт-логистика марказидан 24 таси киритилган. Мамлакат логистика марказлари ва омборлар тармоғини ривожлантириш орқали минтақавий транзит хаби сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Бу борада минтақавий лойиҳалар ҳам муҳим ўрин тутади. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли Ўрта коридор билан интеграцияни кучайтириш ва юк оқимларини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Грузия портларида Ўзбекистон терминалини барпо этиш, озарбайжонлик ҳамкорлар билан қўшма корхона ташкил қилиш, янги юк кемаларини харид қилиш ва Каспий денгизида қатновлар сонини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маршрутнинг иқтисодий жозибадорлигини ошириш мақсадида “CASCA+” мультимодал йўналиши доирасида темир йўл ташувларига 70 фоизлик чегирмалар жорий этилган, – деди вазир.
Ўрта коридорни ривожлантиришга Европа Иттифоқининг қизиқиши ҳам унинг халқаро савдо тизимидаги аҳамияти билан боғлиқ. “Berliner Zeitung” газетасида Николас Бутулиннинг Ўзбекистон транспорт-логистика стратегиясига бағишланган таҳлилий мақоласида ҳам Европа Иттифоқининг Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёни Европа бозори билан боғлайдиган транспорт йўналишларини ривожлантиришга қизиқиши ёритилган.
Унда қайд этилганидек, Европа Иттифоқининг “Global Gateway” ташаббуси доирасида минтақадаги транспорт боғлиқлигини ривожлантириш учун инвестициялар жалб қилиш кўзда тутилган. 2025 йил апрель ойидаги Марказий Осиё - Европа Иттифоқи саммитида минтақага қўшимча 12 миллиард евро инвестиция йўналтирилиши маълум қилинган бўлиб, шундан 3 миллиард евро бевосита Ўрта коридорга мўлжалланган. Германия ташқи сиёсат жамияти (DGAP) маълумотларига кўра, 2024-2025 йилларда Европа ва халқаро молия институтлари томонидан Марказий Осиёда барқарор транспорт ва боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш учун эълон қилинган маблағлар ҳажми 22 миллиард еврога етган.
Бу кўрсаткичлар Европа Иттифоқининг минтақадаги транспорт алоқаларини ривожлантириш ва таъминот йўналишларини диверсификация қилишга бўлган қизиқишини акс эттиради. Шу билан бирга, эълон қилинган инвестиция маблағларини амалда ўзлаштириш, уларни аниқ лойиҳаларга йўналтириш ва транспорт инфратузилмасининг самарадорлигини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаарнинг таъкидлашича, Ўрта коридор самарадорлигини оширишда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш билан бир қаторда, халқаро ташувлар тартибини ҳам мувофиқлаштириш муҳим.
– Бу чегаралардан ўтишни енгиллаштириш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва юкларни етказиб бериш вақтини қисқартиришни англатади. Масалан, Ўзбекистондан Европа томон ҳаракатланаётган юклар учун ҳар бир мамлакатдан алоҳида рухсатнома олиш ўрнига, ягона келишилган тизимни жорий этиш ташувларни тезлаштириши ва енгиллаштириши мумкин. Бунинг учун йўналиш бўйлаб жойлашган барча мамлакатларнинг ҳамкорлиги ва сиёсий иродаси зарур.
Шунингдек, Каспий денгизидаги, автомобиль йўллари ва бошқа транспорт тармоқларидаги ўтказувчанлик имкониятларини ошириш муҳим. Европа саноати ва бизнесини стратегик хомашё билан таъминлашда ишончли ҳамкорлар зарур. Ўзбекистон бу борада Европа Иттифоқи учун муҳим шериклардан бири ҳисобланади.
Биз Европа бизнесини мамлакатга жалб этиш, стратегик хомашёни биргаликда излаш ва уни Европа саноати эҳтиёжларига мувофиқ етказиб бериш масалалари устида ишлаяпмиз. Бунинг учун Европа инвестициялари ва харидорлари учун қулай шароитлар яратиш, ҳукуматлар ҳамда бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни давом эттириш муҳим, – деди Тойво Клаар.
Демак, Ўрта коридор Европа учун муқобил транспорт йўналиши ва стратегик хомашё таъминотини диверсификация қилиш воситаси бўлса, Ўзбекистон учун транзит салоҳиятини иқтисодий ўсишга айлантириш имкониятидир.
Бироқ бунинг учун инфратузилмани ривожлантириш билан бирга, божхона тартибларини соддалаштириш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур. Ана шунда Ўрта коридор инвестицияларни жалб қилиш, савдо ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қиладиган стратегик иқтисодий омилга айланади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ёқуб Мелибоев, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА