Чиқиндига муносабат аҳоли саломатлигига ҳиссадир
Бир қарашда оддий кўринадиган қоида бор: канализацияга чиқинди ташланмайди. Аммо шу оддий талабга риоя этилмаслиги ортида нафақат қувурнинг тиқилиши ёки кўчага оқова сув тошиши, балки инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга дахлдор жиддий хавфлар турибди. Зомин туманида давом этаётган профилактик ишлар ана шу ҳақиқатни яна бир бор эслатмоқда.
Айни пайтда туманда оқова сув тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, мавжуд носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ишчи гуруҳлар тармоқларни мунтазам кўздан кечириб, аниқланган камчиликларни бартараф этмоқда, аҳоли ўртасида канализациядан тўғри ва оқилона фойдаланиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ қувурни тозалашдан кўра, уни тиқилтирмаслик, олдини олиш осонроқдир. Маиший ва йирик чиқиндилар канализацияга туширилганда, улар қувурларда тўпланиб, оқова сув ҳаракатини секинлаштиради, тизимнинг ишдан чиқиши ва ифлос сувнинг ташқарига чиқишига замин яратади. Бу эса бир хонадон муаммоси бўлиб қолмай, бутун маҳалланинг санитария ҳолатига таъсир қилиши шубҳасиз.

Масаланинг энг ташвишли жиҳати шундаки, оқова сувдаги хавф кўзга кўринмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хавфсиз бўлмаган санитария хизматлари ич кетиши, вабо, дизентерия, ич терлама, ичак қуртлари ва бошқа касалликларнинг тарқалиши билан боғлиқ. Ҳатто хавфсиз бўлмаган сув, санитария ва гигиена шароити ҳар йили камида 1,4 миллион инсон ўлимига олиб келади. 2020 йилда эса дунёда ҳосил бўлган маиший оқова сувларнинг 44 фоизи хавфсиз тарзда тозаланмасдан чиқарилган.

Демак, Зоминдаги бир қувурга ташланган чиқинди фақат маҳаллий коммунал муаммо эмас. У санитария занжирининг бир ҳалқаси сифатида сув, тупроқ, атроф-муҳит ва охир-оқибат инсон саломатлигига дахл қилади. Бугун тиқилган қувур эртага ифлосланган муҳит, ундан кейин эса касаллик хавфига айланиши мумкин.
Шу боис канализация тизимининг барқарор ишлаши фақат тегишли хизматларнинг эмас, ҳар бир хонадоннинг масъулиятидир. Чиқиндини қувурга эмас, белгиланган жойга ташлаш жамоат саломатлигини асрашга қўшилган муҳим ҳиссадир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири