Миллий кутубхонада “Китоб ва мутолаа ҳафталиги” тадбирлари давом этмоқда
Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси фондини шакллантириш ва бойитиш доирасида олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган илмий, ўқув ва илмий-услубий нашрлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази томонидан Миллий кутубхонага беғараз тақдим этилди.
Мазкур нашрлар кутубхона фондининг мазмунан бойиши, унинг илмий-таълимий салоҳияти юксалиши ҳамда китобхонларнинг илмий, ўқув ва маърифий адабиётлардан кенг фойдаланиш имкониятлари ошишига муносиб ҳисса қўшади.
Ташаббус доирасидаги ишлар изчил давом эттирилади. Келгусида ҳам олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган илмий, ўқув ва илмий-услубий нашрларни Миллий кутубхонанинг янги биноси фондига қабул қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар ушбу ташаббус доирасида 1 000 дан ортиқ номдаги нашрлар Миллий кутубхонанинг янги биноси фондига қабул қилинди.
“Кузги мутолаа” — ижодий учрашув
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китоб ва мутолаа ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон ва тележурналист, “Шуҳрат” медали соҳиби, шоир Ориф Тўхташ билан “Кузги мутолаа” мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари Насиба Холдорова шоирнинг ижодий фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Ҳозирга қадар Ориф Тўхташнинг туркум шеърлари “Ҳар доим бўлсин қуёш”, “Бойчечак”, “Довон ошган авлодлар”, “Олтин беланчак”, “Зарбанд: кеча ва бугун”, “Ватаним, деб сени, уйғондим”, “Ёшлар китоби”, “Бир қишлоқ болалари”, “Миёнқол гурунги”, “Юртни севмоқ саодати”, “Самарқанд баёзи”, “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўзмунчоқ”, “Кўнгилга ташриф” ва “Ватан атри” каби китобларида жамланган. Шунингдек, шоирнинг болаларга бағишлаб ёзган бир туркум шеърлари “Ўзбек болалар адабиёти антологияси”дан ўрин олган, – деди Насиба Холдорова.
Учрашувда шоир ўзининг шеъриятга кириб келишига сабаб бўлган омиллар, устозлари ва илк асарлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Ватан, бугунги кун, она табиат гўзаллиги ҳамда куз фасли манзараларини тараннум этувчи шеърларидан ўқиб берди.

Тадбир иштирокчилари ҳам шоир ижодига мансуб шеърлардан намуналар ўқидилар.
Учрашув давомида ёш китобхонлар шоирга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилиб, уларга батафсил жавоблар олди.
Ҳафталик доирасида омадли китобхонлар аниқланди
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Очиқ эшиклар ҳафталиги ҳам давом этмоқда.
“Китоб ва мутолаа ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган акцияда навбатдаги омадли китобхонлар аниқланди.

Акция давомида бугун 35 нафар омадли китобхонга китоб ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ID-картаси тантанали равишда тақдим этилди.

Очиқ эшиклар ҳафталиги доирасида китобхонлар учун турли маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва акциялар изчил давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА