Чегара постидаги қонунбузарлик фош этилди
Ташқи иқтисодий фаолиятда товарларнинг аниқ ва тўғри классификация қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) кодлари орқали импорт қилинаётган маҳсулотларнинг божхона қиймати белгиланади ва тегишли тўловлар ҳисобланади.
Аммо, айрим ҳолларда тадбиркорлар ёки юк ташувчилар томонидан товарларнинг ТИФ ТН кодларини атайлаб нотўғри кўрсатиш орқали божхона тўловларидан қочишга уринишлар кузатилмоқда. Бундай қонунбузарликлар иқтисодий хавфсизликка жиддий таҳдид солади ва уларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.

Ана шундай ҳолатлардан бири Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона постида аниқланди. Мазкур пост орқали олиб кирилаётган юклар ҳужжатлари ва уларга бириктирилган ТИФ ТН кодлари ўртасида номувофиқлик бўлиши мумкинлиги божхоначиларда шубҳа уйғотди. Шу асосда юклар батафсил божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик натижалари шубҳалар асоссиз эмаслигини кўрсатди. Яъни, божхона юк декларациясида чиқиндидан қайта ишланган полиэтилен сифатида расмийлаштирилган маҳсулотлар аслида бирламчи турдаги полиэтилен экани маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳаракат орқали қарийб 30 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан қочишга уринилган. Шунингдек, қиймати 305 миллион сўмлик товарлар вақтинча сақловга олинди ва ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширув ишлари бошланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ташқи иқтисодий фаолиятда шаффофлик ва қонунга риоя қилиш барқарор иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. ТИФ ТН кодларини тўғри кўрсатиш нафақат қонун талаби, балки ҳалол рақобат ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳам асосий шартларидан ҳисобланади. Шу боис, бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш божхона органларининг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири