BYD компанияси Европада автозаводлар сотиб олмоқчи
Хитойнинг BYD автоконцерни Европада тўлиқ фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватларини сотиб олиш ва қайта ишга тушириш бўйича бир қатор автомобил компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда, деб хабар берди Euronews.
Компания вице-президенти Стелла Ли Bloomberg нашрига берган интервьюсида BYD фақатгина таркибига бир неча машҳур брендлар кирувчи Stellantis билан эмас, балки бошқа автогигантлар билан ҳам мулоқот қилаётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, BYD Европадаги фойдаланилмаётган йирик қувватли заводларни ишга солишга қизиқмоқда. Шу мақсадда бир қатор корхоналар кўздан кечирилган ва Италия ҳам қизиқиш доирасидаги мамлакатлар қаторига кирган.
Италияда, жумладан, Фрозиноне провинциясидаги Cassino ва Туриндаги Mirafiori заводлари тўлиқ қувватда ишламаяпти. Ҳисоботларга кўра, Cassino заводида ишлаб чиқариш кескин камайган, Mirafiori эса асосан гибрид ва электр Fiat 500 моделларига мослаштирилган.
BYD олиб бораётган музокаралар фонд бозорида ижобий реакцияга сабаб бўлди ва Stellantis акцияларида ўсиш қайд этилган. Бироқ италиялик касаба уюшмалари бу жараёнга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда ва давлат маблағлари сарфи масаласини кўтармоқда.
BYD айни пайтда қўшма корхоналардан кўра тўғридан-тўғри бошқарувни афзал кўриши ва ҳатто айрим Европа брендларини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётгани айтилмоқда.
Шу доирада Maserati бренди ҳам қизиқарли вариант сифатида тилга олинган.
Шунингдек, Франция бозори ҳам инвестиция учун мақбул йўналиш сифатида кўрилмоқда, сабаби у ерда энергия нархи нисбатан паст.
Германиядаги айрим заводлар ҳам эҳтимолий сотув рўйхатида борлиги айтилган.
Ҳозирда BYD Венгриянинг Сегед шаҳрида ўз заводини қурмоқда, унинг 2027 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.
Ўтган йил февраль ойида BYD компанияси вице-президенти Стелла Ли Euronews Next нашрига берган интервьюсида BYD компанияси 1 мегаватт қувватга эга янги тез зарядлаш тизимини яратганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу технология рақобат қоидаларини ўзгартириши мумкин ва у бор-йўғи 5 дақиқада автомобилга 400 километргача ҳаракат масофасини таъминлайди.
Шунингдек, у BYD компанияси Европа бўйлаб тахминан 3000 та тез зарядлаш станцияси қуришга инвестиция киритишни режалаштираётганини маълум қилган.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/PZluvepxB1U" title="BYD kompaniyasi Yevropada avtozavodlar sotib olmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА