Буюкликда энг баланд тоғсан!..
Ўзбекистонимизнинг, миллатимизнинг фахри бўлган она тилимиз – ўзбек тилига далат тили мақоми берилган кун бугун. Бу айём нафақат ўзбек халқининг, балки шу заминда яшаётган қардош халқларнинг ҳам байрамидир. Зеро, ўз она тилини чексиз ҳурмат қилган миллатгина, ўзгаларнинг ҳам она тилига эҳтиром билан қарайди.
Улуғ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бежизга:
Майли, ким қай тилдан завқу-шавқ олса.
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо, – дея ёзмаганлар...
Миллийлигимиз асоси бўлган тилимиз ўзлигини йўқотмаган ҳолда ўзининг қадим тарихига, бой ифода воситаларига ва бетакрор ёзма анъаналарига эга бўлган заҳираси бир неча юз минг йилликлар билан ўлчанади.
Айнан бугун биз барпо этишга бел боғлаётганимиз – Учинчи Ренессанс пойдевори мустаҳкам бўлмоғи учун, энг аввало, “гуҳари шариф”имизни юксакларга кўтаришимиз, тил – нутқимиз кўрки бўлса, сўз – фикрларимиз либосидек қарашимиз ҳаётий заруратга айланмоғи лозим.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”– деб, ўзбек тилининг нуфузи ва аҳамиятини янада улуғлайдилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг маданияти, маънавияти, руҳий парвозларини кўз-кўз қилувчи ягона омил бу унинг тилидир. Унинг борлиги, қаддини тиклаётгани ила биз қудратлимиз.
Тилимизга нисбатан “ОНА” сўзининг қўшиб ишлатилиши юрагимизга яқин ва азиз, кўнглимизга чексиз сурур бағишлайди. Уни буюкликда энг мўътабар зот онага қиёсланиб, эъзозланиши эҳтимол шундан. Оналарнинг ҳар бир сўзи биз учун муқаддас. Чунки улар бу туйғуни меҳрли аллари ила қалбимизга жо айлайди.
Ривожланишдан, тараққиётдан ортда қолмаслик яхши, аммо тили, унга эътибор, ҳурмат ҳар доим биринчи ўринда бўлмоғи лозим.
Ўз она тили сарзаминидан ажралиб, ўзга тил домига тушиш бамисоли томири қуриб бораётган дарахтга ўхшайди. Тилда муқобили бўла туриб, уни ўрнига билиб-билмай чет атамаларни қўллаш ёки шунга мойилликнинг борлиги жамият учун хатарли “сигнал” бўлмоғи лозим.
Очиғини айтадиган бўлсак, бугун даладаги деҳқон-у, даштдаги чўпоннинг тили, олис-олис қишлоқлардаги оддий одамларнинг тили нисбатан “ўзбекчароқ”, ўз ширасини, нафосати-ю латофатини сақлаб қолгандек, таъбир жоиз бўлса, “маданий”лашиб улгурмаган.
Эгри дарахтнинг сояси тўғри бўлмаганидек, оилада ота-она тўғри дарахт бўлиши керакки, бола ҳам унинг соясидек тўғри бўлсин. Аввало, болани ҳар бир сўзни тўлиқ ва тўғри адабий тилда талаффуз қилишга ўргатилса, бу аниқ фикрлашга асос бўлади ва бошқалар билан мулоқотда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, болаларнинг она тилида равон сўзлаши келажакдаги ютуқларининг дебочасидир.
Фарзандларимиз биринчи галда, замонавий илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалардаги янгиликлар, атамалар, тушунчалар, хабарлар, тилимизнинг бой ва қадимийлиги, ифода имкониятлари кенглиги ва қулайлиги, жозибаси-ю ширасини, аввало, она тилида олсалар мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Глобаллашув, маданият ва қадриятлар, миллий ўзлик тушунчалари орасидаги масофалар кундан кунга қисқариб бораётган паллада ён-атрофдаги ўзаришларга кўр-кўрона эргашмасдан, тилимизни қадрлашимиз, севишимиз, уни софлигини сақлаб қолишимиз муҳим.
Миллатнинг бебаҳо бойлиги, ҳурлигимиз тимсоли бўлган давлат тилини бузиб қўллашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Она тилимиз жозибаси мумтоз адибларимиз асарларида, ўзаро гурунгларимизда, бозор-ўчарларда, қулоқларимизга чалинадиган луқмалар, пайравларда, нуронийларимизнинг ҳаётий ҳикматларида, халқимизнинг ўлмас мақол, маталларида, оналаримиз айтиб беражак эртакларда, “коса тагидаги нима коса” гапларда яшаб келмоқда.
Мен ўзбек тилининг нафис тароватини она тилимизда битилган, ўзим ўқиган бадиий асарларда кўрдим, хусусан, “Ўтган кунлар”да Кумушбибининг ички кечинмалари битилган мактубларида тилимизнинг нечоғлик буюклигини, серқирралигини ҳис этдим. Биз учун доим суюкли бўлган она тилимиз ривожи учун қилинаётган, қилинажак ҳар бир эзгу, хайрли иш таҳсинга, мақтовга лойиқлигини англадим.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, онамиз оғушидек иссиқ, тароватли, ҳароратли, саҳоватли ва беғубор туйғуларимиз таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга етакловчи бебаҳо неъматдир. Сўз ҳисси, қадрини ардоқлаб яшагувчи миллат тили ҳеч қачон завол топмагай.
Ўзбек тилида буюк бобокалонларимиз яратган асарларнинг қай бирини олманг, ўқиманг... унинг нақадар бой, нафосатга тўлалигига амин бўласиз. “Қиссаи Рабғузий”, “Қутадғу билиг”, “Девону луғатит турк”, “Хазойинул маоний”, “Хамса”, “Бобурнома”дек шоҳ асарлар ўзбек – туркий тил ўлароқ янграйди.
Бобомерос, момомерос она тилимизни давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида кенг тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришга эътибор қаратишимиз лозим. Унинг бор тароватини сақлаб қолсак, луғат бойлигини оширсак, сайқал берсак, рақамли тизимларга жойласак, миллий тилимиздаги маънавий-маърифий дастурларни яратсак, тилимиз келажаги янада чароғон ва бу биз тутган энг тўғри йўл бўлади.
Мадина Зуфарова,
“RENESSANS” TA’LIM UNIVERSITETI
Филология ва тилларни ўқитиш
факультети талабаси,
ЎзА