Буюк Британия махфий ҳужжатлари полигондан топилди
Буюк Британия Мудофаа вазирлигига тегишли махфий ҳужжатлар Қироллик армиясининг энг йирик ҳарбий базаси яқинидаги шаҳар чиқиндихонасидан топилди. Бу ҳақда “The Sun on Sunday” нашри хабар берган.
Маълумотга кўра, бу ҳужжатларни бир йўловчи Шимолий Йоркшир графлиги Каттерик гарнизонидан тахминан 4 километрда жойлашган полигондан тасодифан топган. Материалларда ҳарбий хизматчилар шахсий маълумоти, қурол-яроқ сақлаш тартиби, соқчилар алмашиш жадвали, хавфсизлик қоидаси бузилиши ва фавқулодда вазиятда ҳаракатланиш йўриқномаси акс этган. Каттерик ҳарбий базасида тахминан 13 000 ҳарбий хизматчи жойлашган.
Мамлакат ҳарбий полицияси ҳолат юзасидан зудлик билан тергов бошлади. Британия армияси вакили айтишича, дастлабки хулосада топилган ҳужжатлар орасида тезкор мудофаа тизимига дахлдор ўта муҳим давлат сирлари мавжуд эмаслиги таъкидланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА