Бухорода сув – ҳаёт сифатига айланмоқда
Тоза ичимлик суви – оддий коммунал хизмат эмас. У инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, ҳудуд тараққиёти ва муносиб турмушнинг энг муҳим мезонларидан биридир. Шу боис бугун Бухоро вилоятида сув таъминоти ва оқова сув тизимларини тубдан янгилашга қаратилган кенг кўламли ишлар нафақат инфратузилмани, балки минглаб оилаларнинг кундалик ҳаётини ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
Сув бор жойда ҳаёт бор. Аммо унинг уйгача етиб келиши, сифатли тозаланиши, узлуксиз етказиб берилиши ва ишлатилган сувнинг хавфсиз равишда чиқарилиши замонавий жамиятда энг муҳим инфратузилма вазифаларидан ҳисобланади.
Айниқса, иқлим шароити мураккаб, сув ресурсларига эҳтиёж юқори бўлган Бухоро вилояти учун бу масала стратегик аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, канализация тизимларини модернизация қилиш ва коммунал инфратузилмани замонавий талаблар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухорода амалга оширилаётган ушбу лойиҳалар ҳам ана шу ислоҳотларнинг ҳудудлардаги амалий ифодасидир.
“Ўзсувтаъминот” AЖ бошқаруви раиси Аҳмад Сувонқуловнинг Бухоро вилоятига хизмат сафари давомида Осиё инфратузилма инвестициялар банки иштирокидаги “Бухоро вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш (1-босқич)” лойиҳаси доирасида бажарилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.

Лойиҳанинг кўламига қараб, унинг оддий қурилиш дастури эмас, балки вилоятнинг келажакдаги сув инфратузилмасини белгилаб берадиган улкан стратегик лойиҳа эканини англаш мумкин.
Ичимлик суви йўналишида 260 минг куб метр/сутка қувватга эга 2 та сув тозалаш иншооти, 2 187 километр ичимлик суви тармоқлари, 35 та сув тарқатиш иншооти қурилиши ва реконструкция қилиниши, 1 та ичимлик суви олиш иншоотини реконструкция ва модернизация қилиш кўзда тутилган.
Бу рақамларни тасаввур қилишнинг ўзиёқ лойиҳанинг нечоғли катта эканини кўрсатади.
2 187 километр сув тармоғи – бу Бухоро вилоятининг бир нуқтасидан иккинчи нуқтасига тортиладиган оддий қувур эмас. Бу минглаб хонадонларга, маҳаллаларга, ижтимоий объектларга етиб борадиган ҳаёт йўлларидир.
Оқова сув тизимидаги янгиланишлар ҳам лойиҳанинг энг муҳим қисмларидан.

Бу йўналишда 25 600 куб метр/сутка қувватга эга 5 та оқова сув тозалаш иншооти, 720,83 километр оқова сув тармоқлари, 65 та оқова сув насос станцияси қурилади ва реконструкция қилинади.
Бугун замонавий шаҳарсозликда сувни уйга олиб киришнинг ўзи етарли эмас. Уйдан чиқарилган сувни хавфсиз қабул қилиш, тозалаш ва табиатга зарар етказмай бошқариш ҳам шунчалик муҳим.
Шу нуқтаи назардан, ичимлик суви ва канализация тизимларининг бир лойиҳа доирасида комплекс равишда ривожлантирилаётгани катта аҳамиятга эга.
Чунки тоза сув – саломатлик, замонавий канализация эса экологик хавфсизлик демакдир.
Лойиҳанинг энг таъсирчан жиҳати унинг қамровида.
Натижада Бухоро вилоятидаги 195 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1 миллион 788 минг аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Яна 42 та маҳаллада истиқомат қилувчи 507 минг аҳоли марказлашган оқова сув хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Бу ерда рақамлар ортида инсон тақдири турганини унутмаслик керак. Бу ҳар куни сув ташишга сарфланадиган вақтнинг қисқариши. Хонадонда санитария шароитининг яхшиланиши. Болалар саломатлиги учун янада хавфсиз муҳит. Аёллар ва кексалар зиммасидаги маиший юмушларнинг енгиллашиши. Маҳаллаларда ободлик ва тозаликнинг янги босқичи. Демак, сув тармоғи қурилаётган ҳар бир кўча ортида, аввало, инсон ҳаётидаги ўзгариш мужассам.
Бухорода сув таъминоти масаласини бугунги ҳолат билан кечаги манзарани солиштирмасдан туриб тўлиқ англаб бўлмайди. Авваллари айрим ҳудудларда эскирган қувурлар, сув босими билан боғлиқ муаммолар, тармоқларнинг узоқлиги ёки канализация инфратузилмасининг етарли эмаслиги аҳоли учун ноқулайлик туғдирган. Энди эса ёндашув ўзгармоқда.
Гап фақат эски қувурни янгисига алмаштириш ҳақида эмас. Сувни олишдан тортиб тозалаш, узатиш, истеъмолчига етказиш ва оқова сувни қайта ишлашгача бўлган бутун тизим модернизация қилинмоқда.
Бу – коммунал соҳадаги энг муҳим ўзгаришлардан бири.
Чунки замонавий инфратузилма деганда фақат янги бино ёки янги йўл эмас, балки инсон ҳар куни фойдаланадиган, аммо кўпинча кўзга кўринмайдиган тармоқларнинг ишончли ишлаши ҳам тушунилади.
Хизмат сафари давомида лойиҳанинг 8-пакети – Қоровулбозор туман марказида канализация тизимини қуриш бўйича 2 та лот доирасидаги ишлар ҳам кўздан кечирилди. Шунингдек, 10-пакет – Ғиждувон ва Ромитан тумани марказларида канализация тизимини қуриш лойиҳаларидаги ишлар ҳолати ўрганилди.

Жойларда қурилиш жараёнлари, ишларнинг сифати, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва лойиҳаларни амалга ошириш суръатлари таҳлил қилинди.
Муҳими, бундай ўрганишлар фақат ҳолатни кўриш билан чекланмайди. Аниқланган масалалар бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилиб, лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли якунлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун Бухорода амалга оширилаётган сув ва канализация лойиҳасига бир томонлама – фақат қурилиш нуқтаи назаридан қараш тўғри эмас.
Унинг иқтисодий самараси ҳам бор. Инфратузилманинг яхшиланиши ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, янги лойиҳалар учун қулай шароит яратади.
Унинг ижтимоий самараси бор. Аҳолининг турмуш даражаси, санитария ва гигиена шароити яхшиланади. Унинг экологик самараси бор. Оқова сувларни тизимли равишда йиғиш ва тозалаш атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиради.
Зеро, одамлар учун муносиб ҳаёт шароити яратишнинг энг тўғри ўлчови — баландпарвоз рақамлар эмас, балки хонадондаги оддий кундалик ҳаётнинг қанчалик енгил ва қулай бўлиб бораётганидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири