Алимент ундируви устувор масала
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун алимент пулларини ундириш, ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш ва ажрашган оилаларни яраштириш каби ишлар алоҳида назоратга олиниб, амалга оширилмоқда.
– Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудий бўлимлар иш юритувида мавжуд бўлган алимент ундируви билан боғлиқ 14 минг 991 та иш бўйича жами 97 миллиард 431 миллион сўм алимент пули ундирилган. Шунингдек, ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 925 нафар алимент тўловчи ота иш билан таъминланди. “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида жами 607 та оила яраштирилди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси катта инспектори Азат Утегенов.
Масалан, Мажбурий ижро бюроси Қораўзак туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг 2024 йил 6 февраль кунги ижро ҳужжатига асосан қарздор Р.О. собиқ турмуш ўртоғи А.Г.нинг фойдасига унинг қарамоғидаги бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойда алимент пулини тўлаши белгиланган. Шунга қарамасдан, қарздор алимент пулларини мунтазам равишда тўламай келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 57,6 миллион сўмни ташкил этган.
Шу сабабли, бўлимда давлат ижрочиси томонидан қарздорга алиментдан юзага келган қарздорлик дарҳол қопланмаса, унинг жавобгарлик масаласи ҳал қилиниши тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилган. Натижада қарздор жорий йилнинг 12 август куни юзага келган қарздорликни ундирувчига нақд пулда тўлаб берди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири