Бухорода қовун сайли
Қадимий ва боқий Бухорода тупроқнинг саховати, деҳқоннинг машаққати ва Ватанга меҳри бир майдонда намоён бўлди. “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тантаналари доирасида 30-марта анъанавий “Қовун сайли” ўтказилди. Бу йилги сайил оддий байрам эмас, балки минг йиллик деҳқончилик маданиятимиз, миллий қадриятларимиз ва замонавий аграр тараққиёт уйғунлигининг ёрқин намойишига айланди.
Тантана майдонидаги манзарани кўриб, беихтиёр бир фикр хаёлга келади: Бухоро заминининг саховати нақадар буюк! Бир томонда аждодлардан мерос полизчилик анъаналари, иккинчи томонда замонавий агротехнологиялар, яна бир томонда эса ўз меҳнати билан ерга жон бағишлаётган миришкор деҳқонлар.
Сайилда ана шу меҳнатнинг ширин меваси — турли навдаги қовун ва тарвузлар, узум, мева-сабзавотлар, асаларичилик маҳсулотлари кенг намойиш этилди.
Бухоро воҳасида деҳқончилик маданиятининг тарихи минг йилларга бориб тақалади. Айниқса, полизчилик соҳасида аждодларимиз яратган тажриба ва селекция анъаналари авлоддан авлодга ўтиб келган.
1996 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган “Қовун сайли” эса ана шу бой меросни асраб-авайлаш, уни кенг оммалаштириш ва янги авлод деҳқонларига етказишда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда. Бугунги сайилда “Кўкча”, “Амири”, “Новвоти”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Даҳбеди”, “Шерозий”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” каби ўттизга яқин хушбўй, бир-биридан ширин ва серҳосил навларнинг намойиш этилгани бунинг яққол далилидир.

Бу номларнинг ҳар бирида тарих бор. Ҳар бир навда аждодларимиз тажрибаси, деҳқоннинг йиллар давомидаги кузатуви ва она заминга бўлган меҳри мужассам.
30-марта ўтказилаётган “Қовун сайли” бу йил ҳам кенг қамрови билан алоҳида аҳамият касб этди. Вилоятнинг барча туманларидан келган 500 дан зиёд фермер хўжалиги ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокида 1500 тонна қовун-тарвуз аҳоли дастурхонига тортиқ этилди. Бу рақамнинг ўзиёқ Бухоро қишлоқ хўжалигида полизчилик қанчалик катта салоҳиятга эга эканини кўрсатади. Аммо сайилнинг ҳақиқий қиммати рақамларда эмас. Унинг замирида эрта тонгдан даласига йўл олган деҳқоннинг машаққати, офтоб тафтидаги меҳнати, сувнинг ҳар томчисини асраб-авайлаши, ҳар бир унаётган қовун палакларини парвариш қилиши ва ниҳоят, ҳосилни эл дастурхонига етказишдек шарафли меҳнат мужассам.

Шу боис сайилдаги ҳар бир қовун — меҳнат ва сабрнинг ҳамда ерга бўлган ишончнинг рамзидир.
Тадбирда сўз олган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Қовун сайли”нинг мустақиллик байрами арафасида ўтказилаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида бўлгани каби полизчиликда ҳам янги имкониятлар эшиги очилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида аграр соҳани модернизация қилиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илм-фан ва инновацияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигининг янги босқичга кўтарилишига замин яратмоқда. Айниқса, миллий деҳқончилик мактабларини асраб-авайлаш билан бирга, уларни замонавий технологиялар билан бойитишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Истиқлол йилларида юртимиз тупроғи ва табиий-иқлим шароитига мос, айримлари унутилиб бораётган қовун навлари қайта тикланди. Илмий асосланган агротехнологиялар жорий этилди, илғор деҳқонларнинг тажрибаси оммалаштирилди.
Натижада кечаги анъана бугунги замонавий аграр ёндашув билан уйғунлашиб, янги самара ва имкониятларни юзага чиқармоқда.
Бу йилги сайилнинг яна бир муҳим жиҳати — унда узумчилик соҳасидаги илғор ва ибратли тажрибалар ҳам кенг намойиш этилганидир. Демак, сайил энди фақат қовун-тарвуз байрами эмас. У Бухоронинг қишлоқ хўжалигидаги салоҳияти, деҳқончилик маданияти ва аграр имкониятларини намойиш этадиган йирик анъанавий тадбирга айланиб бормоқда.

Тадбир доирасида турли мева-сабзавотлар, асаларичилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилди. Бу эса меҳнат маҳсулотини истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиш, фермер ва деҳқонларнинг даромадини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш учун муҳим имконият яратди.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири — халқ фаровонлигини ошириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигини замонавий, рақобатбардош тармоққа айлантиришдир. “Қовун сайли” ана шу эзгу мақсадларнинг халқчил ва таъсирчан ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири