Инфографика: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик
Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Кеча етакчилар “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Бугун Кўксарой қароргоҳида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модини тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази қайд этишича, 2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 баробарга ўсиб, 1,3 млрд долларга етган. Экспорт 4,9 баробарга ўсиб, 164,8 млн долларни ташкил этган бўлса, импорт 4 баробарга ўсиб, 1,1 млрд долларгача ошган.

2016–2025 йилларда Ҳиндистондан ўлкамизга киритилган жами инвестициялар ҳажми 587 млн доллардан ошган. Бугун Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг музокаралари чоғида томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олдилар.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокидаги 439 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА