Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, маънавият ва маърифатни юксалтириш, буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Айниқса, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Буюк табиб ва қомусий олим Абу Али ибн Сино илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу йўлдаги тарихий қадам бўлди. Мазкур ҳужжат жаҳон цивилизацияси ва тиббиёт фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк алломанинг бебаҳо асарларини нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда янада чуқурроқ тадқиқ этиш, замонавий илм-фан билан уйғунлаштириш ҳамда аллома таваллудининг 1050 йиллигига муносиб тайёргарлик кўришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Абу Али ибн Сино инсоният тарихида шунчаки шифокор ёки файласуф сифатида эмас, балки барча фан соҳаларини қамраб олган чинакам қомусий олим сифатида муҳрланган. Унинг илм-фан ва жаҳон табобати тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёс бўлиб, у яратган илмий тизим асрлар давомида Шарқ ва Ғарб олимлари учун илҳом манбайи бўлиб хизмат қилиб келган.
Ибн Сино тиббиёт илмининг асосларини янги босқичга кўтариб, касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини анатомик, физиологик ва гигиеник жиҳатдан илмий асосда таҳлил қилган. Унинг бевосита инсоният саломатлигини асрашга бағишланган асарлари, хусусан, «Тиб қонунлари» китоби асрлар мобайнида Европа ва Осиё университетларида асосий тиббий дарслик сифатида ўқитилган.
Буюк аллома нафақат амалий табобат, балки доришунослик соҳасида ҳам мислсиз кашфиётлар қилиб, юзлаб шифобахш гиёҳлар ва моддаларнинг хоссаларини батафсил баён этган. Ибн Синонинг илмий мероси фақат тиббиёт билан чегараланиб қолмай, фалсафа, мантиқ, астрономия, физика, математика ва адабиёт каби кўплаб соҳаларни ҳам қамраб олади. Унинг «Китоб аш-Шифо», «Донишнома», «Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот» каби фундаментал асарлари инсоният тафаккурининг олтин фондига киритилган. Аллома ўз фалсафий қарашларида борлиқнинг сир-асрорларини англаш, инсон ақл-заковатининг чексиз имкониятлари ва илмий билиш жараёнларининг аҳамиятини юксак маҳорат билан очиб берган. У яратган таълимотлар дунё фалсафий тафаккурининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган.
Қарорга мувофиқ, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳузурида Абу Али ибн Сино илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши буюк меросни ўрганишда янги институционал асос яратади. Бу марказ алломанинг жаҳон миқёсида сочилиб кетган ноёб қўлёзмаларини жамлаш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш ва илмий муомалага киритиш бошланаётганини англатади. Шунингдек, «Мўъжаз ал-Қонун», «Қонунча» каби тиббий рисолалар ҳамда фалсафий асарларнинг янги академик нашрларини тайёрлаш, уларнинг электрон платформаларини яратиш ва халқаро жамоатчиликка етказиш ишлари тизимли равишда йўлга қўйилади. Бу эса ёш авлодни ўз аждодларининг бой илмий меросидан ғурурланиш руҳида тарбиялаш билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги обрўсини янада юксалтиради.
Шу билан бирга, илмий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида халқаро симпозиумлар, конференциялар мунтазам ўтказиб борилиши, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган олимларни рағбатлантириш учун «Ибн Сино» халқаро мукофотининг таъсис этилиши оқилона қарордир. Бундай ташаббуслар илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш тадқиқотчилар учун катта рағбат бағишлаб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва халқ табобати анъаналарини замонавий илм-фан билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши буюк алломанинг ўлмас меросини асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб қилиш ва бугунги кун илм-фани тараққиётига хизмат қилдириш йўлидаги муҳим воқеликдир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА