Бухоро амирларининг фотожамланмаси
Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг хазиналари орасида бир асрдан ортиқ вақт мобайнида сақланаётган ноёб фотожамланма мавжуд. Ушбу тўплам шунчаки ўтмишнинг эсдалик суратлари эмас, балки Бухоро амирларининг жаҳон коллекцияларида сақланиб қолган энг йирик ва ягона оилавий фотомероси ҳисобланади.
Ундаги ҳар бир сурат такрорланмас нусхада бўлиб, инқилоб ва талон-торожлар гирдобидан мўъжизавий тарзда омон қолган, бутун бир давлатчилик тарихининг гувоҳи сифатида бебаҳо қимматга эгадир.
Тадқиқотчи Ўктамали Равшановнинг қайд этишича, ушбу ноёб жамланма 1880–1920 йиллар оралиғида, амирлар Саид Абдулаҳадхон ва Саид Олимхоннинг асосан Россия империясига қилган расмий сафарлари чоғида шакллантирилган. Ўша даврда Бухорода бирорта ҳам фотостудия фаолият юритмагани боис, ҳукмдорлар ва уларнинг аъёнлари Санкт-Петербург, Москва, Ялта каби йирик шаҳарларда даврнинг энг машҳур фотосуратиларига суратга тушишган. И.Орловский, К.Князьков, А.Лимерман каби ўз даврининг моҳир усталари томонидан ишланган бу фотосуратлар амир ва унинг оиласи, амирликнинг юқори даражадаги амалдорлари тасвирини тарихга муҳрлаган. Жамланма географияси фақат Россия билан чекланмайди, унда Германия ва Афғонистонда олинган суратлар ҳам мавжуд.
Тўплам таркиби ниҳоятда хилма-хил. Унда амирларнинг ўн олтита шахсий портрети, қозикалон, бош вазир каби юқори мартабали амалдорнинг ўн тўртта сурати мавжуд. Бу тасвирлар орқали амирликдаги қатъий ижтимоий пиллапоя, мансабдорларнинг либосларидаги тафовутлар, ўша давр юқори табақа вакилларининг қиёфаси ва кийиниш маданиятини ўрганиш мумкин. Шунингдек, Туркия султони Меҳмет Ришод V ва Афғонистон амири Ҳабибуллохон томонидан тақдим этилган совға-суратлар ҳам жамланмадан ўрин олган. Бу эса ўз давридаги муносабатларнинг нафақат сиёсий, балки маданий жиҳатларини ҳам очиб берадиган муҳим далилдир. Ҳатто баъзи сураткашлар, жумладан, Вольф Ясвоин ва Карл Булла амирга кўрсатган хизматлари учун амирликнинг турли орден ва нишонлари билан тақдирлангани ҳам тарихдан маълум.
1920 йилда амирликнинг фожиали қулаши фотожамланма тақдирига ҳам кескин таъсир қилди. Саройлар ва хазина бойликлари қаторида ушбу ноёб суратлар ҳам тақдир ҳукмига ташлаб қўйилди. Кўпгина тарихий ашёлар талон-торож қилинди, баъзилари эса пала-партиш ҳолда очиқ жойларда қолиб кетди. Орадан икки йил ўтиб, Бухорода илк музейга асос солингач, собиқ ҳукуматдан қолган меросни тўплаш ишлари бошланди. Сарсон-саргардонликда ётган фотосуратларнинг бир қисми айнан шу даврда Ситораи Моҳи Хоса саройидан топилиб, музей фондига топширилди. Бошқа бир қисми эса турли шахслар томонидан музейга ҳадя қилинган.
Фотожамланма нафақат тарихий, балки бадиий қимматга ҳам эга. Ўктамали Равшановнинг маълумотига кўра, ундаги энг катта суратнинг ҳажми 132х100 сантиметрни, энг кичиги эса 21х13 сантиметрни ташкил этади. Асосан оқ-қора рангдаги суратлар орасида эски Бухоро шаҳридаги шахсий хонадонда олинган учта рангли фотосурат алоҳида ажралиб туради. Бу ўша давр учун ноёб ҳодиса эди. Кумуш билан нафис безатилган ва амир саройидаги моҳир кубачи заргарлари томонидан ясалган махсус фотоальбом эса амалий санъатнинг юксак намунаси сифатида эътиборни тортади.
Афсуски, тарихий бўҳронлар тўпламга ўз асоратини ўтказган. Хусусан, Ситораи Моҳи Хоса саройи большевиклар томонидан эгалланганда, амирнинг махсус буюртма билан тайёрланган йирик ҳажмдаги суратига жиддий шикаст етказилган ва у шу ҳолича музейга қабул қилинган. Ачинарлиси шундаки, юз йилдан ошганига қарамай, жамланмадаги бирорта асар тўлиқ консервация ва реставрация қилинмаган.
Бугунги кунда ушбу нодир мерос Бухоро музей-қўриқхонасининг ҳужжатлар фонди ва кўргазма залларида, ёруғлик нурларидан ҳимояланган ҳолда сақланмоқда. Бироқ, унинг жисмоний ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Музейда йирик ўлчамли суратларни рақамлаштириш учун замонавий ускуналарнинг йўқлиги эса ушбу мероснинг кенг омма ва тадқиқотчилар учун очиқ бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Бу суратлар шунчаки қоғозга муҳрланган тасвирлар эмас, балки бир даврнинг жонли нигоҳи, йўқотилган тарихнинг мўрт саҳифаларидир. Уларни асл ҳолида сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА