Бугунги ёшлар овозида эртанги кунга ишонч нафаси бор
Юртимизда “Ёшлар куни” муносабати билан ёш авлоднинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вазирлик ва идоралар раҳбарлари ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглаш, амалий ёрдам кўрсатиш ишларини изчил давом эттирмоқда.
Миллий гвардия ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги тадбир ҳам ёшлар билан мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорли ёшларнинг ижодий салоҳиятини намоён этишга бағишланди.

Юнусобод тумани ҳамда пойтахтга туташ Тошкент туманида фаолият юритаётган ёшлар етакчилари иштирокидаги тадбир мазмунли ва интерактив мулоқот шаклида ўтди. Самимий ва очиқ руҳда кечган учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, таклиф ва ташаббусларини бевосита Миллий гвардия қўмондонига етказиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, келажакка доир янги ғоялар, амалий ташаббуслар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилди.

— Ушбу учрашув ёшлар учун жуда катта мотивация бўлди. Биз ўз фикр ва ташаббусларимизни эркин билдириш, таклифларимизни бевосита масъулларга етказиш имкониятига эга бўлдик, — дейди “Истиқбол” МФЙ ёшлар етакчиси Умида Хўжаназарова. — Энг муҳими, ёшларга бўлган ишонч ва эътиборни яна бир бор ҳис қилдик. Бу каби мулоқотлар бизга янада фаол бўлиш, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшашга куч бағишлайди.

Тадбирнинг мантиқий давоми сифатида Ҳарбий мусиқа академик лицейининг ҳисобот концерти ташкил этилди. Маданий кеча давомида лицей ўқувчилари томонидан миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг сара намуналари ижро этилди. Ёш ижодкор ва мусиқачиларнинг юксак маҳорати, саҳна маданияти ҳамда жонли ижролари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Н.Раҳмонова, ЎзА