Бу Ватан бизникидир!
_
Бу Ватан бизникидир, зарларга тўла тупроқ,
Келгин, дўстим, ўзинг ҳам унга бир бор қара, боқ.
Самарқандга тикилсанг тарих кўтаради бош,
Амир Темурни бошлаб чиқиб келади қуёш.
Зулмат ортга чекинган, нурлар тўшаган гилам.
Гул-чечакка бурканиб гўзаллашар бу олам.
Минорлари бўй чўзиб ғурурланар бахтидан,
Қадимий ошён энди қайтмас эзгу аҳдидан.
Дунё йўллари бугун шунда келиб туташар,
Имом Бухорий томон ният қилиб ўтишар.
Зарафшоннинг дурлари қадамда берар жило,
Тупроғида саховат, барака бордир, илло.
Янги Жиззах яшнаган манзилларни кўзлайди,
Зомин олис тарихдан ҳикоялар сўзлайди.
Қишлоқлари шаҳардан қолишмайдику асло,
Навоийга йўл олинг, кўринг Бухорогача то.
Сурхондарё гуркураб авжи оройишдадир,
Фарғона қирчиллама энг гуллаган ёшдадир.
Мафтун этар дилларни Наманганнинг чиройи,
Шукроналик бор бунда, бор кексалар дуойи.
Қолишмайди ҳар ишда Қашқадарё шиддати,
Зафарларда бўй берган меҳнаткаш халқ ҳиммати.
Ўзгачадир Андижон бағрида шодлик, ғурур,
Жаннатмонанд юртига қайтиб келганди Бобур!
Нурафшонда нур ёғиб уйғонади ҳар саҳар,
Эзгуликка тонгданоқ ҳар кун бошланар сафар.
Кўнгиллардан йўқолди бир зумда ахир ҳадик,
Сирдарёга кўрк бериб турар осойишталик.
Разм солинг бир марта ойдин кечаларига,
Фақат файз ярашгайдир Тошкент кўчаларига.
Жайҳун оша жаҳонга кўз-кўз этиб оразин,
Меҳмонларга мунтазир қучоқ очган Хоразм.
Бугун элим шод яшар Қорақалпоғистонда,
Ҳар кент, ҳар қишлоқ яшнар Қорақалпоғистонда.
Юракларга ингайдир шукр отлиғ бир зиё,
Умрларга боққайдир шодликлар яна қиё.
Улуғлардан куч олиб, шитобла елар халқим,
Кўзида нур, қўлида китобла елар халқим.
Бу юрт босиб ўтган йўл бўлгай ибрат қуёши,
Унга қанот бўлгайдир мудом оқил юртбоши.
Тилаклар куч бергайдир диллардаги имконга,
Илоҳим, кўз тегмасин Янги Ўзбекистонга!
Ўткир Раҳмат