Божхонадаги ҳушёрлик
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш, давлат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда божхона тўловларини тўлиқ ундиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, давлат чегараларида амалга оширилаётган кучайтирилган божхона назорати ҳар бир юкнинг қонунийлиги ва ҳужжатларининг ҳаққонийлигини синчиклаб ўрганиш имконини бермоқда. Бу эса иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, инсофсиз ташқи савдо иштирокчиларининг ноқонуний ҳаракатларига ўз вақтида чек қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай тезкор ва самарали назорат тадбирлари натижасида Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости орқали амалга оширилган навбатдаги ҳуқуқбузарликка уриниш ўз вақтида фош этилди.
Маълум бўлишича, хорижий давлатдан импорт қилинаётган товарга расмийлаштирилган юк кузатув ҳужжатларида маҳсулот номи қуруқ сут зардоби сифатида кўрсатилган. Бироқ божхона инспекторларида юкнинг ҳақиқий таркиби бўйича асосли шубҳа пайдо бўлиб, белгиланган тартибда божхона кўриги ўтказилди.
Синчковлик билан амалга оширилган текширув жараёнида ҳужжатларда келтирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Кўрик натижаларига кўра, юк таркибидаги маҳсулот аслида 25 тонна қуруқ сут экани маълум бўлди.
Шу тариқа товар номини атайлаб ўзгартириб кўрсатиш орқали божхона тўловларини камайтириш ва давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган маблағларни четлаб ўтишга қаратилган уриниш ўз вақтида бартараф этилди. Бу эса божхона органлари томонидан хавфларни таҳлил қилиш, ҳужжатларни чуқур ўрганиш ва замонавий назорат усулларидан самарали фойдаланилаётганининг яна бир амалий исботидир.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу товар партиясининг умумий қиймати 875 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқий баҳо натижаларига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Бугунги кунда божхона органлари фаолиятининг асосий мақсади нафақат юкларни расмийлаштириш, балки иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳалол тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат. Шу боис ҳар бир аниқланган қонунбузилиш давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий интизомни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим натижа сифатида баҳоланади.
“Олот” чегара божхона постида аниқланган мазкур ҳолат божхона хизмати ходимларининг юксак масъулияти, касбий маҳорати ва ҳушёрлиги туфайли йирик иқтисодий ҳуқуқбузарликнинг олди олинганини яна бир бор тасдиқлади. Давлат чегараларида амалга оширилаётган самарали назорат тадбирлари мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир ташқи савдо операциясининг қонуний ва шаффоф амалга оширилишини таъминлашда муҳим ўрин тутишда давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири