Божхона тизимида назорат кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги мувофиқлаштирувида ташкил этилган ишчи гуруҳ Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда унинг қуйи тузилмалари фаолиятини атрофлича ўрганди.
Мониторингдан кўзланган асосий мақсад наркотик воситалар, қурол-яроғ ва бошқа тақиқланган буюмларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш самарадорлигини баҳолаш, мавжуд имкониятларни таҳлил қилиш ҳамда соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришдан иборат бўлди.

Ўрганишлар давомида Контрабандага қарши курашиш тезкор тузилмаси, “Бухоро аэропорти”, “Олот” ва “Хўжадавлат” чегара божхона постлари, шунингдек, “Бухоро” ҳамда “Қоракўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида хизматни ташкил этиш ҳолати яқиндан кўздан кечирилди. Мутахассислар томонидан назорат жараёнларининг самарадорлиги, хавфларни барвақт аниқлаш механизмлари ҳамда техник жиҳозлардан фойдаланиш даражаси таҳлил қилинди.
Таҳлиллар натижасида божхона постларида замонавий техник назорат воситаларидан самарали фойдаланилаётгани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, чегара ҳудудларида хизмат олиб бораётган кинология бўлинмалари фаолиятини янада ривожлантириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилди. Хусусан, хизмат итларининг наркотик моддаларни аниқлаш бўйича кўникмаларини мунтазам ошириб бориш, янги турдаги психотроп ва синтетик гиёҳвандлик воситаларини ўз вақтида фош этиш бўйича тажриба алмашиш ишлари муҳокама қилинди.

Божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар салмоқли натижалар бермоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йил давомида вилоят божхона бошқармаси иштирокида 54 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Натижада ноқонуний айланмадан 2 килограмм 720 грамм порох моддаси, 189 дона ўқ-дори (патрон ва гилзалар), 6 дона ов қуроли, 1 дона пневматик қурол ҳамда 48 дона совуқ қурол мусодара қилинган.
Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилди. Хусусан, 19 та ҳуқуқбузарлик ҳолати фош қилиниб, 1 килограмм 795 грамм порох моддаси, 36 дона ўқ-дори, 5 дона ов қуроли, 3 дона пневматик қурол ва 19 дона совуқ қурол олиб қўйилган.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар якунларида нафақат тезкор ва назорат тадбирлари, балки профилактика ишларини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Айниқса, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда ноқонуний қурол-яроғ муомаласининг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бухоро вилояти божхона органларида амалга оширилаётган тизимли назорат ва тезкор тадбирлар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда ва ноқонуний айланмаларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, замонавий технологиялар, кинология хизматлари ва идоралараро ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилгани ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Профилактика ишларининг кучайтирилиши эса жамиятда ҳуқуқий онг ва масъулиятни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири