“Бойсун баҳори” дунё халқларини ноёб этнофестивалга чорлайди (+видео)
Жорий йил май ойининг дастлабки ўн кунлигида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида анъанавий “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ икки йилда бир марта ўтказиладиган фестивалда дунёнинг кўплаб давлатларидан машҳур фольклор-этнографик санъати ижрочилари, фольклоршунослар, санъат ва маданият вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, барҳаёт ва ўлмас номоддий маданий мерос мухлислари иштирок этиши кутилмоқда.

Сайёрамиз халқларининг очиқ осмон остидаги дўстлик, санъат ва миллий қадриятлар байрамига айланиб қолган фестиваль кунлари кўҳна Сурхон воҳаси хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар билан ҳам янада гавжум бўлади.
Бу йилги фестивални тамомила янгича мазмун ва кўтаринки руҳда ташкил этиш учун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган Бибиширин маҳалласидаги муҳташам туризм мажмуасида тайёргарлик ишлари билан танишди. Ҳудудда миллий фольклор жамоалари чиқишлари, турли спорт ўйинлари ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган жойларни кўздан кечирди. Узоқ-яқиндан келадиган меҳмонларни муносиб кутиб олиш, Термиз шаҳри ва туманлар, корхона, ташкилотлар қўрғонларини ташкил этиш, тарихимиз, миллий қадрият ва урф-одатларимиз акс этган кўргазмалар билан безаш, жамоат тартибини сақлаш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, меҳмонлар ва барча иштирокчилар учун зарур шароитларни яратиш каби масалалар юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.

– Бойсун туманида анъанавий “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини юксак савияда ўтказиш бўйича барча топшириқлар берилди, – дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими раҳбари Искандар Темиров. –Режага кўра, бу йил ўтган йиллардаги фестивалга нисбатан кўтаринки руҳда ўтказиладиган тадбирлар жуда кўп. Туризм йўналишида ҳам, фольклор санъати соҳасида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилади. Сурхондарёнинг тарихи, ҳозирги куни, келажаги тўғрисидаги тасаввурлари бойитилади. Спорт беллашувлари, қизиқарли концерт дастурлари ва бошқа фестиваллар ўтказиш кўзда тутилган. Дунёнинг турли давлатларидан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан минглаб, миллионлаб инсонларнинг нигоҳи айнан “Бойсун баҳори”га қаратилади.
Вилоят раҳбари соҳа мутасаддиларининг тақдимотлари билан танишди. Бой тарихимизни, ўтмишдан сақланиб қолган сержило ноёб миллий қадрият ва анъаналаримизни, воҳанинг туристик салоҳиятини кенг намойиш этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HChrYDy5Epg" title="“Boysun bahori” dunyo xalqlarini noyob etnofestivalga chorlaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири