Сурхондарёда журналистлар инвестиция лойиҳалари билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
«Ўзмиллийбанк» томонидан ташкил этилган пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳудуддаги қатор инвестиция ва ижтимоий лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб Узун туманида “Surxonim mitti erkatoylari” нодавлат мактабгача таълим муассасаси томонидан 100 ўринли хусусий боғча ташкил этиш лойиҳаси кўздан кечирилди. Қиймати 2,2 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида мактабгача таълим қамровини кенгайтириш кўзда тутилган.
[gallery-28588]
Жарқўрғон туманида “EL SHER MED” хусусий корхонаси томонидан замонавий клиника ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, хизматлар соҳасида “Kimyo savdo mineral qurilish” МЧЖ томонидан меҳмонхона ташкил этиш ва уни қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминлаш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа доирасида қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган.
Саноат соҳасида “Zilantex” МЧЖ томонидан ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси ҳам ўрганилди. Унда замонавий технологиялар асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, бундай лойиҳалар ҳудудда иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА