Бош прокуратура: тадбиркорларга солинган жарима ва пенялар бекор қилинди
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт - шароитлар яратиш, уларнинг қонуний фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва давлат органлари масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ёндашувнинг амалий мазмуни тадбиркорнинг қонуний фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ва давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашда намоён бўлади.
«Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади». Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу ғоя аҳоли фаровонлиги, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ўртасидаги узвий боғлиқликни ифодалайди.
Бош прокуратура ўтказган таҳлилларда айрим ҳолларда солиқ органлари томонидан қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмаслиги оқибатида тадбиркорлик субъектларига асоссиз молиявий мажбуриятлар юклатилиши, жарима ёки пеня ҳисобланиши каби муаммолар учраётгани аниқланган.
Бундай ҳолатлар тадбиркорнинг мулкий манфаатларига зарар етказиши, айланма маблағларига салбий таъсир кўрсатиши ва фаолиятини давом эттиришини қийинлаштириши эҳтимолини юзага келтиради, албатта.
Шуни ҳисобга олиб, прокуратура органлари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат органлари қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаш ҳамда аниқланган қонун бузилишларини бартараф этмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан қабул қилинадиган маъмурий ёки молиявий қарорлар қонуний, асосланган ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлиши шарт.
Хусусан, солиқ мажбуриятлари, молиявий санкциялар ва пеняларни белгилашда бирламчи ҳужжатлар, тўлов маълумотлари ва солиқ ҳисоботлари ҳар томонлама ўрганилиши, тадбиркор тақдим этган далиллар холис баҳоланиши лозим.
Президентимиз тадбиркорлар билан мулоқотларда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини тинглаш ва уларни ҳал этиш, бизнес юритишга тўсқинлик қилаётган ортиқча талабларни бартараф этиш зарурлигини мунтазам таъкидлаб келади.
Шу нуқтаи назардан, давлат органлари қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаш ушбу сиёсатнинг амалий ифодаларидан бири ҳисобланади.
Прокуратура органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги амалий аҳамияти натижасида солиқ органи қарори қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорлар ҳуқуқи тикланди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритувчи «Q.d.d» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан ўтказилган текширувда 676,7 миллион сўмлик товарлар омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шу асосда Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармасининг қарори билан жамиятга нисбатан 135,3 миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган.
Бироқ, тақдим этилган маълумотларга кўра, камомад сифатида баҳоланган 676,7 миллион сўмлик дори воситалари бўйича тўловлар амалга оширилган ва сотилган товарлар учун ҳисобварақ - фактуралар расмийлаштирилган. Шунга қарамай, солиқ органи мазкур ҳолатларни текширишда инобатга олмаган.
Жамият солиқ органи қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб судга мурожаат қилган. Нукус туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан аризани қаноатлантириш рад этилган.
Кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳамда тафтиш инстанцияси судининг қарорлари билан қуйи суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Жамият мурожаати Бош прокуратура томонидан ўрганилди. Натижада тафтиш тартибидаги протест асосида иш Олий судда қайта кўриб чиқилган ва солиқ органининг қарори ҳақиқий эмас деб топилган.
Натижада тадбиркорнинг аризаси қаноатлантирилиб, унинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мазкур ҳолат шуни кўрсатадики, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ишнинг ҳақиқий ҳолатларини тўлиқ ўрганиш, ҳужжатларга холис баҳо бериш ва қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текшириш муҳимдир.
Қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий механизмлардан фойдаланиш асоссиз қарорларни қайта кўриб чиқиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш имконини беради.
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги яна бир муҳим масала – солиқ пеняларини ҳисоблашнинг қонунийлиги билан боғлиқ.
Хусусан, Бухоро вилоятида фаолият юритувчи «B.f.t» масъулияти чекланган жамиятига қайтарилган қўшилган қиймат солиғи асоссиз қайтарилгани асоси билан ушбу маблағларни қайтарилган кунидан бюджетга тўлаш санасига қадар пеня ҳисобланган.
Ваҳоланки, солиқ органи томонидан муқаддам ушбу ҳолат юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилиб, қайтарилган қўшилган қиймат солиғи қонунийлиги бўйича хулоса қилган.
Президентнинг 2022 йил 13 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом кўра, назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмайди.
Жамият томонидан солиқ бошқармасининг низоли қарорларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан муқаддам қайта солиқ ҳисоботи тақдим этилган бўлишига қарамай, пеня ҳисобланиши давом этган ва натижада 3 338,2 миллион сўм миқдорида солиқ қарздорлиги юзага келган.
Мазкур қарордан норози бўлган жамиятнинг маъмурий судга берган аризаси рад этилган.
Бош прокуратура аралашуви билан низоли ҳолат бўйича қонуний ҳамда асосли қарор қабул қилиниши таъминланиб, «B.f.t» масъулияти чекланган жамиятининг ҳуқуқлари тикланди.
Бу каби мисоллар солиқ мажбуриятларини ҳисоблашда ҳар бир операциянинг ҳуқуқий ва молиявий мазмунини тўғри баҳолаш, тўловларни ўз вақтида ва тегишли тартибда ҳисобга олиш, пеняларни эса фақат қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина қўллаш зарурлигини кўрсатади.
Асоссиз молиявий талаблар тадбиркорнинг айланма маблағларига таъсир кўрсатиши ва унинг иш фаолиятини қийинлаштириши мумкин. Шу сабабли, бундай ҳолатларни олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Норгул Абдураимова,
ЎзА