Қўшимча 120 та автобусни келтириш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди
Бухорода жамоат транспорти етарлича ривожланмагани сабаб аҳолининг 80 фоизи иш, ўқиш ва кундалик юмушларига енгил автомобилда қатнайди. Президентимиз вилоят учун зарур бўлган қўшимча 120 та автобусни келтириш ишларини жадаллаштириш вазифасини қўйди.
Туристларнинг Бухоро ҳақидаги дастлабки таассуроти аэропорт ва темир йўл вокзаллари атрофидаги муҳитдан бошланиши таъкидланди. Шу боис, бу ҳудудларда хизмат кўрсатиш сифати ва қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Дарахт турларини Бухоронинг иқлими ва тарихий қиёфасига мос танлаш, мавжуд дарахтларни парваришлаш ҳамда йўл бўйларини ободонлаштиришда ягона ёндашув кераклиги айтилди.
Вилоятдаги 55 та маҳалла аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланишни кутаётгани қайд этилди. Президентимиз мутасаддиларга мазкур маҳаллаларга сув етиб боришининг аниқ муддатини белгилаб, ҳал қилишни топширди. Вилоятдаги оилаларнинг уй-жойга эҳтиёжини қондириш мақсадида турар жой массивлари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
ЎзА