Бўлғуси талабаларга атрофлича маълумотлар берилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида Жиззах политехника институтида бўлиб, муҳандислик таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш билан интеграцияни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан белгилаб берган вазифалари бугун амалда ўзининг аниқ натижаларини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари таълим, илм-фан ва саноат уйғунлигини таъминлаш орқали рақобатбардош муҳандислар авлодини вояга етказиш энг устувор мақсадлардан бири эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида институт жамоаси янги ўқув йили олдидан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари билан кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини изчил ташкил этмоқда. Бу мулоқотлар оддий қабул кампанияси эмас, балки ёшларга ўз иқтидори ва қизиқишига мос касбни онгли танлашда амалий йўл-йўриқ беришга қаратилган очиқ мулоқот майдонига айланмоқда.

Учрашувлар давомида бўлажак талабаларга институтда шаклланган замонавий таълим муҳити, ўқув жараёнини рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар, юқори малакали профессор-ўқитувчилар фаолияти, талабалар учун яратилган кенг имкониятлар ҳамда сифатли билим олишга хизмат қилаётган шароитлар ҳақида атрофлича маълумотлар етказилмоқда.

Айниқса, янги ўқув йилидан таълим йўналишлари сонининг кенгайтирилгани, замонавий ўқув бинолари, ахборот-ресурс марказлари ва инновацион лабораториялар фаолияти абитуриентларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу имкониятлар назарий билимни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш, талабаларнинг инновацион фикрлашини ривожлантириш ва замонавий ишлаб чиқариш талабларига мос мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Президент ташрифи чоғида институтда ташкил этилган Автомобиль муҳандислиги мактаби фаолияти билан танишиб, таълимни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, дуал таълимни янада ривожлантириш, халқаро стандартлар асосида муҳандислар тайёрлаш, шунингдек, ядро энергетикаси соҳасида муҳандислик мактабини ташкил этиш ҳамда халқаро қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берган эди. Бугун мазкур вазифалар ижроси доирасида хорижий ҳамкорлар билан алоқалар кенгайиб, янги таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ишлар изчил давом этмоқда.

Энг муҳими, тарғибот тадбирлари ёшлар ва уларнинг ота-оналарига институтда яратилган имкониятларни бевосита кўриш, таълим жараёни билан яқиндан танишиш ҳамда келажак касбини пухта ўйланган қарор асосида танлаш имконини бермоқда. Бу эса Президент томонидан белгиланган — замонавий билимга эга, рақобатбардош ва ташаббускор кадрлар тайёрлашдек стратегик вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири