Болалар кулгиси байрамнинг энг катта безаги
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Беруний туманидаги 1- ва 2-сонли Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари учун қадимий ва навқирон Хива шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида болажонлар Хиванинг тарихий обидалари, бой маданий мероси ҳамда бетакрор меъморий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Айниқса, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонасига ташриф уларда катта таассурот қолдирди.

Болаларнинг юзларидаги самимий табассум, қувонч ва ҳайрат уларнинг кайфияти юқори бўлганидан далолат берди. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш, тарих ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Саёҳат давомида болажонлар мароқли ҳордиқ чиқариб, кўплаб ижобий таассуротларга эга бўлдилар. Уларнинг қувончи ва беғубор кулгиси байрамнинг энг катта безагига айланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.