Боку йирик форумга мезбонлик қилмоқда
18 май куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси бўлиб ўтади.
БМТ Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида ўтказилаётган мазкур йирик анжуман Етакчилар саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Тадбирда шаҳарларни барқарор ривожлантириш, одамларни арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлиги ва уй-жойни молиялаштириш механизмини такомиллаштириш масалалари кўтарилади. Глобал уй-жой инқирози, барқарор урбанизация ва хавфсиз шаҳарлар қуриш ҳам муҳокама қилинадиган асосий мавзулар сифатида белгиланган.
БМТ Аҳоли пунктлари дастури – “UN-Habitat” маълумотига кўра, ҳозир дунё бўйлаб 1 миллиарддан кўп инсон хароба ёки норасмий аҳоли манзилида истиқомат қилади. Ташкилот огоҳлантиришича, шошилинч чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб харобада яшовчилар сони 3 миллиардга етиши мумкин.
БМТнинг Озарбайжондаги аҳоли пунктлари дастури бўлими раҳбари Анна Саве айтишича, уй-жой қурилиши шаҳарлар келажаги, иқлим ўзгаришига чидамлилик, ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва ҳаёт сифати билан бевосита боғлиқ.

Форумда ҳукуматлар масъул вакиллари, экспертлар, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти аъзолари амалий ечимларни таҳлил қилади. Қайд этилишича, мазкур нуфузли анжуманга мезбонлик Озарбайжон учун реконструкция, шаҳарсозлик ва уй-жой секторидаги барқарор ривожланиш масалалари бўйича халқаро мунозараларга қўшилиш ҳамда жаҳон миқёсида ўз позициясини намойиш этиш учун ажойиб имкониятдир.
“SA Partners” архитектура ва шаҳарсозлик фирмаси асосчиси Томас Ковари таъкидлашича, Боку ўз тарихий меросини яхши сақлаган. Шу билан бирга тезкор модернизация ва инновацион тараққиётни уйғунлаштирган бу шаҳар WUF13 учун жуда мос. Айниқса Қорабоғ минтақасида амалга оширилаётган қайта қуриш лойиҳалари алоҳида эътиборга молик.
Маълумотга кўра, мамлакат ушбу соҳаларда барқарор ривожланиш, арзон уй-жой ва “ақлли шаҳарлар” тамойилини қўллаган ҳолда можародан кейинги тиклаш бўйича қимматли тажриба тўпламоқда.
– Форум халқаро ҳамкорларнинг Озарбайжонга ишончидан далолат, – дейди тадбирнинг Амалиёт компанияси ижрочи директори Адил Маммадов. – Шу тариқа мамлакатнинг йирик глобал учрашувлар ўтказиш учун минтақавий марказ сифатидаги мавқеи янада мустаҳкамланади. Анжуман ижтимоий уй-жой, ер ҳуқуқи, шаҳар молияси, иқлимга чидам, рақамли шаҳар ривожланиши ва жамоат транспорти интеграцияси каби масалаларни ҳам қамраб олади.
Эътироф этилича, WUF13 Бокуда ҳозиргача ўтказилган форумлар орасида энг йириги бўлиши кутиляпти.
Гўзал Сатторова, ЎзА