Боғдорчиликда янги марралар
Қорақалпоғистон Республикасида боғдорчилик ва узумчилик тармоғини ривожлантириш, аҳолини сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда республиканинг барча тоифадаги хўжаликларида 7 минг 260 гектар мевали боғ ва 1 минг 523 гектар токзор мавжуд. Шундан 5 минг 841 гектарини ҳосилдор боғлар, 1 минг 250 гектарини эса асл навли токзорлар ташкил этади.
Жорий йилда мавжуд боғ ва токзорлардан 84 минг тонна мева ҳамда 17,1 минг тонна узум етиштириш режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 105 фоиз ўсишни таъминлаши кутилмоқда.
[gallery-30054]
Соҳани янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда 1,5 минг гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш белгиланган. Баҳорги мавсумда 851 гектар майдонда мевали боғлар ва 103 гектар майдонда янги токзорлар ташкил этилди.
Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Кегейли туманидаги илмий-тажриба станциясида ҳам бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда. Станциянинг 7 гектарли боғида олма ва шафтоли етиштирилиб, хорижий ҳамда дурагай олма навларининг маҳаллий иқлим шароитига мослашуви ва ҳосилдорлиги ўрганилмоқда.
Шунингдек, аҳоли ва хўжаликларни сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида станцияда 60 минг дона мева кўчати тайёрланмоқда. Бу эса республикада боғдорчилик тармоғини янада кенгайтириш ва соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/AiFn_EXWfEQ?si=sKr8z6p83InkjMBk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат,видео),ЎзА