БМТнинг коррупцияга қарши глобал форуми Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўтказилади
Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлаш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши муросасиз курашишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз коррупцияга қарши курашиш борасида минтақавий ва глобал ташаббусларни илгари суриш, уларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Ислоҳотларнинг юксак самараси сифатида 2025 йил декабрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатларининг 11-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар 180 дан ортиқ иштирокчи давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Хусусан, Конвенциянинг навбатдаги конференциясини 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди.
Маълумот ўрнида: БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги ягона универсал, юридик жиҳатдан мажбурий халқаро ҳужжатдир.
Конвенциянинг 192 та иштирокчи давлати конференцияси ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиб, соҳада глобал қарорлар қабул қилинадиган асосий халқаро майдон ҳисобланади. Мазкур глобал форум Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўтказилади.
Айни пайтда мамлакатимизда ушбу конференцияни юқори савияда ва берилган юксак баҳога муносиб равишда ўтказиш мақсадида БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорликда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ГЖБ) Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Бриджит Штробель-Шоу бошчилигидаги миссия Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов миссияни қабул қилди.
Агентлик директори сўнгги йилларда БМТ институтлари билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик фаол мулоқотлар асосида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, мазкур олий даражадаги тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, тайёргарлик жараёнида яқиндан кўмак кўрсатаётгани учун БМТ вакилларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон конференцияни юқори савияда ўтказиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш йўлида барча имконият ва салоҳиятини сафарбар этишга тайёр.

Учрашувда конференцияга тайёргарликнинг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Томонлар тайёргарликнинг барча босқичларида яқин ҳамкорликни давом эттириш ҳамда конференцияни юқори савияда ва муваффақиятли ўтказиш учун зарур чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.
БМТ ГЖБ вакиллари мазкур нуфузли халқаро анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган қатъий ва изчил ислоҳотларга халқаро ҳамжамиятнинг юксак ишончи ва эътирофи эканини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, бу мамлакатимизнинг глобал аксилкоррупция ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб, Ўзбекистон халқаро аксилкоррупция ҳаракатининг муҳим иштирокчиси сифатида тобора фаол майдонга чиқиб бораётганининг яна бир тасдиғидир.
Миссия, шунингдек, глобал конференция ўтказилиши режалаштирилган объектларга ташриф буюриб, тайёргарлик жараёнлари билан танишди ҳамда барча йўналишлардаги ишлар юқори савияда ва пухта ташкил этилаётганини қайд этди.
Конференция доирасидаги тадбирлар, мулоқот ва муҳокамаларни ташкил этиш, хорижий делегациялар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берилди.
“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументга ташриф чоғида Ўзбекистоннинг коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизлик сиёсати ҳамда халқаро ҳамжамиятни ушбу глобал иллатга қарши биргаликда ва қатъий курашишга чорлови яна бир бор намоён этилди.
Ташриф доирасида глобал конференцияга тайёргарлик масалалари юзасидан мамлакатимиз расмийлари билан қатор учрашув ва муҳокамалар ўтказилиши кўзда тутилган.
Н.Абдураимова, ЎзА