“Битта аскар – битта касб” тамойили — келажак сари дадил қадам
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги 1-техникумда “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида муддатли ҳарбий хизматчилар учун амалий касб-ҳунар машғулотлари ташкил этилган.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ҳар бир аскарнинг ҳарбий хизматдан сўнг ҳаётда асқотадиган, замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбни эгаллашига кўмаклашишдан иборат.
Техникумда ҳарбий хизматчилар электр монтажи, дастурлаш ва сервис хизматлари йўналишларида назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмаларни ҳам эгалламоқда.
Машғулотлар давомида аскарлар замонавий технологиялар билан ишлаш, электр жиҳозларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш, дастурлаш асослари ҳамда сервис соҳасининг муҳим жиҳатларини ўрганмоқда.
[gallery-31066]
Ҳарбий хизмат давомида шаклланган интизом, масъулият, жамоада ишлаш, қатъият ва топшириқларни аниқ бажариш каби фазилатлар касбий таълим билан уйғунлаштирилмоқда.
Бу эса аскарларнинг нафақат Ватан ҳимоячиси, балки ҳарбий хизматдан кейинги ҳаётини пухта режалаштира оладиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топишга тайёр мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
Айниқса, электр монтажи ва сервис хизматлари каби амалий касбларни ўрганиш ёшларга келгусида мустақил меҳнат фаолиятини бошлаш учун муҳим имконият яратади.
Дастурлаш йўналишидаги машғулотлар эса рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда аскарларнинг замонавий билим ва кўникмаларга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА