Битирувчиларнинг орзулари иш ўрнига айланмоқда
Бугунги кунда ёшларнинг муносиб таълим олиши билан бир қаторда уларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, олий таълим муассасаларини тамомлаётган битирувчиларнинг иш билан таъминланиши нафақат уларнинг шахсий ҳаёти, балки мамлакат тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро давлат университетида Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда университет ректори Обиджон Ҳамидов, туман мутасаддилари, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда туманда яшовчи битирувчи талабалар қатнашди.
Учрашувнинг асосий мақсади ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, меҳнат бозоридаги мавжуд имкониятлар билан таништириш ва энг муҳими, ёшларнинг ташаббуслари ҳамда таклифларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш имкониятига эга бўлди. Ёшларнинг меҳнат фаолияти, тадбиркорлик ташаббуслари, таълимни давом эттириш режалари ва келажакдаги мақсадлари атрофлича муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир мурожаатга амалий ёндашув асосида муносабат билдирилди.
Учрашувнинг энг ёрқин воқеаларидан бири Иқтисодиёт факультети битирувчиси Фаррух Фаттулоев билан боғлиқ бўлди. У мулоқот жараёнида магистратура босқичида таҳсил олиш билан бирга банк соҳасида амалий тажриба тўплаш истагини билдирди.

Унинг мурожаати ҳоким ва мутасаддилар томонидан шу заҳотиёқ кўриб чиқилди. Натижада Бухоро тумани Агробанк филиали томонидан Фаррухга иш таклифи берилди. Бу эса учрашувнинг расмий йиғилиш эмас, балки ёшлар тақдирига дахлдор амалий майдон эканини яна бир бор исботлади.
– Очиғини айтсам, бундай натижа кутаётганим йўқ эди, – дейди битирувчи Фаррух Фаттулоев. – Мен ўз режаларим ҳақида гапирдим, магистратурада ўқишни давом эттириш билан бирга банк тизимида ишлаб, амалий тажриба орттиришни исташимни билдирдим. Мурожаатим шунчаки эшитилиб қолмай, амалий ечим топганидан жуда мамнунман. Бу мен учун кутилмаган ва қувонарли янгилик бўлди. Чунки ҳар бир битирувчи таълим билан амалиётни уйғунлаштиришни орзу қилади. Менга берилган имконият катта масъулият ҳам юклайди. Энди билимларимни амалиётда синаб кўриш ва ўз устида янада кўпроқ ишлаш ниятидаман. Имкониятларни кутиб ўтирмаслик керак. Бундай учрашувларда фаол қатнашиш, ўз фикрини эркин билдириш ва мақсадларини аниқ айтиш муҳим. Бугун мен бунинг натижасини ўз мисолимда кўрдим.

Учрашув давомида яна бир қатор битирувчи талабалар ўз мутахассисликлари ва қизиқишларига мос бўлган бўш иш ўринларига йўналтирилди. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизимли ва манзилли ташкил этилганини кўрсатди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, меҳнат бозори талабларига мос кадрларни тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу маънода, “Ҳоким ва ёшлар” каби учрашувлар таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бухоро давлат университетида ташкил этилган мазкур учрашув ёшларнинг дардини эшитиш, уларнинг орзу-мақсадларини қўллаб-қувватлаш ва энг муҳими, муаммоларга жойида ечим топиш мумкинлигини намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири