Битирувчиларга дипломлар топширилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида олий маълумотга эга бўлган шахслар учун ташкил этилган 6 ойлик юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари битирувчиларига давлат намунасидаги дипломлар топширилди.
Олти ой давомида тингловчилар давлат ҳуқуқ назарияси, конституциявий, фуқаролик, меҳнат, маъмурий ва жиноят ҳуқуқи каби асосий юридик фанлар бўйича чуқур назарий билимларга эга бўлиб, амалий машғулотлар орқали касбий компетенцияларини мустаҳкамлади. Ўқув жараёни тажрибали профессор-ўқитувчилар ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирокида замонавий таълим ёндашувлари асосида ташкил этилди.
Битирувчиларнинг билим ва кўникмалари якуний давлат аттестацияси орқали баҳоланиб, курсларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга давлат намунасидаги дипломлар топширилди.

Эндиликда битирувчилар юридик хизматларда давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органларида барча лавозимларда, адвокатура ва нотариат тизимида, олий юридик маълумот талаб этилмайдиган лавозимларда ҳамда юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларида фаолият юритиш имкониятига эга.
Мазкур қайта тайёрлаш дастури олий маълумотга эга, бироқ юридик мутахассисликка эга бўлмаган фуқароларга қисқа муддатда замонавий юридик билимларни эгаллаш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиш имконини яратмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида "Тергов фаолияти" йўналиши бўйича таҳсил олган илк бакалавр битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ёш мутахассисларнинг қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, касбий ҳалоллик, адолат ва фидойилик тамойилларига содиқ ҳолда фаолият юритиши мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА