Бишкекда Ўзбекистон – Қирғизистон экспертлар кенгаши йиғилиши ўтказилди
Бишкек шаҳрида “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шериклик ва уни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусида Ўзбекистон–Қирғизистон экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши ўтказилди ва унда Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) бўлим бошлиғи Азамат Тошев ҳам иштирок этди.
Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти томонидан ҳамкорликда ташкил этилган.
А.Тошев йиғилишда “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш – минтақавий иқтисодий интеграциянинг асоси” номли маърузасида Марказий Осиёда транспорт-логистика йўналишлари ва иқтисодий интеграцияни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари хусусида сўз юритди.

Экспертнинг таъкидлашича, бугунги кунда олий даражадаги сиёсий мулоқот жуда жадал суръатларда ривожланиб, икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари учун стратегик йўналишни белгилаб бермоқда.
Барқарорлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич сифатида 2025 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари томонидан “Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси” имзоланди. Унда томонлар нафақат минтақавий хавфсизликни таъминлаш, балки савдо-иқтисодий ҳамда транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишларини мустаҳкамлаб қўйдилар.
МОХИ вакилининг фикрича, жаҳон иқтисодиёти трансформацияси шароитида айнан транспорт ўзаро боғлиқлиги минтақанинг барқарор ўсиши ва рақобатбардошлигини таъминловчи асосий омилга айланмоқда. Шу боис, ўлкамиз “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш, Трансафғон транспорт лойиҳаси ҳамда Ўрта йўлак (Middle Corridor) каби ташаббусларни амалга оширишга устувор аҳамият қаратади. Ушбу лойиҳалар Марказий Осиё учун ягона транспорт тармоғини шакллантиришга хизмат қилади.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ҳар йили 15 миллион тоннагача юк ташиш имконини беради, юк етказиб бериш масофасини тахминан 900 километрга қисқартиради ҳамда юкларни ташиш муддатини сезиларли даражада камайтиради. Бу эса мазкур лойиҳанинг амалий аҳамиятини нафақат иштирокчи уч давлат, балки бутун Марказий Осиё макони учун ҳам янада оширади.
Сўзининг якунида Азамат Тошев автомобиль ва темир йўлларни қуриш ҳамда модернизация қилиш, давлат чегараларидаги ўтказиш пунктларини ривожлантириш ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этишни назарда тутувчи стратегик аҳамиятга эга минтақалараро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ў.Алимов, ЎзА