“Ижтимоий тараққиёт учун” танловининг иккинчи босқичи якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида иккинчи бор ўтказилаётган анъанавий “Ижтимоий тараққиёт учун” тадқиқот ишлари танловининг иккинчи босқичи якунланди.
Танловнинг мазкур босқичида мамлакатнинг турли ҳудудларидан иштирок этган 41 нафар битирувчи талаба (18 нафар бакалавр ва 23 нафар магистр) орасидан саралаб олинган 20 нафар иштирокчи ўзининг битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини танлов комиссияси аъзолари ҳамда халқаро ҳамкорлар — Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Осиё тараққиёт банки (ADB) вакилларига тақдим этди.
Тақдим этилган илмий ишлар ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, инклюзив ёндашувлар ва соҳадаги долзарб масалаларга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Танлов ғолиблари махсус тақдирлаш маросимида эълон қилиниши режалаштирилган. Ушбу танлов иқтидорли ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш ҳамда ижтимоий соҳада илмий асосланган ечимларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА